Сенат Қозоғистон билан иттифоқчиликка оид шартномани маъқуллади
Олам
−
25 Ноябрь 2023
4250Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бугун, 25 ноябрь куни ўтаётган навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақида”ги Қонун қабул қилинди.
Сенат мажлисида Ўзбекистон ва Қозоғистон энг яқин қўшнилар ҳамда вақт синовидан ўтган стратегик ҳамкорлар экани алоҳида урғуланди.
“Шартноманинг асосий мақсади икки мамлакат мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини ва барқарор иқтисодий ривожланишини янада мустаҳкамлашга қаратилган давлатлараро муносабатларнинг янги босқичини шартнома-ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашдан иборат”, дейилади Сенат ахборотида.
Шартнома ташқи сиёсат, мудофаа ва хавфсизлик, миграция, саноат кооперациясини ривожлантириш, трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича қўшма чора-тадбирларни қабул қилиш, парламентлар, сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш каби соҳаларда яқин ҳамкорликни назарда тутади.
Сенаторлар Шартноманинг ратификация қилиниши икки халқнинг маънавий-маданий яқинлигини қўллаб-қувватлашга, маданият, илм-фан, таълим ва спорт соҳасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади, деган фикр билдирди.
Шартнома иловасида давлат раҳбарлари бошчилик қиладиган Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси Олий давлатлараро кенгаши тўғрисидаги Низом келтирилган.