Сенат давлат тили тўғрисидаги қонунга ўзгартиш киритишни маъқуллади

Жамият

image

Олий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳокама қилинди. Бу ҳақда Сенат Ахборот хизмати хабар берди

Хабарга кўра, ҳозирги вақтда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 50 миллион кишини ташкил этиши унинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради.

Маълум қилинишича, қонунда амалдагисида мавжуд бўлмаган кўпгина меъёрлар белгиланмоқда. Хусусан, амалдаги “Давлат тили ҳақида”ги қонунда мазкур қонуннинг амалга оширилишини таъминлайдиган, бу соҳада ягона давлат сиёсатини олиб борувчи махсус давлат органи ва унинг ҳуқуқий мақоми билан боғлиқ масалалар умуман очиб берилмаган.

Бундан ташқари, давлат хизматчиларига нисбатан давлат тилини билишга оид талабларнинг белгиланмагани ҳам ушбу Қонуннинг амалда ишламаслигига олиб келмокда. Шундан келиб чиқиб, ҳуқуқий соҳада ҳамда миллий қонунчиликда амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлиқ акс эттириш ва “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш мақсадида у янги таҳрирда ишлаб чиқилган.

Унда қонуннинг мақсади ва қўлланиш соҳаси, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, Ўзбекистан Республикасининг давлат тили, Ўзбекистон Республикасида бошқа тилларнинг мақоми, тил бўйича камситишга йўл қўйилмаслик, давлат тилини ривожлантиришдаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, Вазирлар Маҳкамасининг давлат тилини ривожлантириш бўйича ваколатлари, давлат органлари ва ташкилотларининг давлат тилини ривожлантириш соҳасидаги  ваколатлари, давлат тилини ривожлантириш ва давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назорати каби янги нормалар мавжуд.

Мазкур Қонунда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида давлат тилининг қўлланилиши, иш юритиш тили, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўтказиладиган тадбирларда давлат тилининг қўлланилиши, норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар, шунингдек, уларнинг лойиҳаларида фойдаланиладиган тил, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида ишлатиладиган тил, суд ишлари юритиладиган тил, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, фуқаронинг шахсини ва ҳуқуқларини тасдиқлашда қўлланиладиган тил масалалари ҳам батафсил белгиланган.

Қайд этилишича, қонун қабул қилиниши давлат тилининг ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида қўлланилишига, унинг ривожланиши ва оммалашувига катта туртки беради. Жумладан, давлат тилини ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг давлат тилини ривожлантириш соҳасидаги ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Қонуни даражасида белгиланиши барча соҳаларда ўзбек тилининг адабий тил меъёрлари асосида ифода этилишига хизмат қилади. Ўзбек тили билан боғлиқ тарихий-маънавий меросимизни асраб, келгуси авлодларга етказишилишини таъминлайди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сенат

Баҳолаганлар

90

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг