Савдо қилиш учун жой талашган аёл ўзини ёқиб юборди (видео)
3-саҳифа
−
04 Май 2023
15198Ижтимоий тармоқларда номаълум аёл устига бензин сепиб ўзини ёқиб юборганлиги акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати баёнот берди.
Унда айтилишича, жорий йилнинг 2 май куни тахминан соат 10:00 ларда Олмазор тумани, Қора-Қамиш 2/4 даҳасидаги савдо дўконларидан бирининг олдида, 1981 йилда туғилган Д.Қ. бир неча фуқаро билан савдо қилиш учун жой талашган. Сўнгра ўзаро келиша олмай жанжаллашиб, ўзини ноодатий тутган ҳолда норозичилик билдириб, ёнида бўлган елим идишдаги бензинни устига қуйиб, ўзини-ўзи ёқиб юборган. Оқибатда аёл юзи, иккала қўллари, танаси олди қисмининг 35 фоизи термик куйиши ташхиси билан шифохонага ётқизилган.
Шунингдек, ўтказилган бирламчи суриштирув давомида Д.Қ. бундан олдин ҳам фуқаролар билан савдо қилиш учун жой талашиб жанжаллашганлиги ҳамда бир неча маротаба ўзини ёқиш ҳолатларини содир этишга ҳаракат қилганлиги, бироқ ходимлар томонидан бунинг олди олинганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Олмазор тумани прокуратураси томонидан текширув ўтказилмоқда.