Саудияда ҳукмрон оилани танқид қилган ўқитувчи ўлимга ҳукм қилинди
Олам
−
31 Август 2023
15372Саудиялик пенсиядаги ўқитувчи Муҳаммад ал-Ғамдий YouTube ва Twitterʼдаги постлари учун ўлим жазоси берилган биринчи “жиноятчи” бўлиши мумкин. Бу ҳақда “The Telegraph” хабар берди.
Гап шундаки, Саудия Арабистони суди Муҳаммад ал-Ғамдийни ижтимоий тармоқлардаги постлари учун ўлимга ҳукм қилган. Унинг хабарларида ҳукмрон оила танқид қилинган.
АҚШнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Human Rights Watch ташкилотининг ёзишича, ҳукм 2023 йил 10 июлда чиқарилган. У 2022 йил 11 июнда Маккада қўлга олиниб, якуний ҳукмга қадар бир йил ҳибсда сақланган. Маълумотларга кўра, Ал-Ғамдий бир кишилик камерага жойлаштирилиб, мунтазам тергов қилинган ва унга адвокат хизматидан фойдаланиш ҳуқуқи берилмаган.
Ниҳоят собиқ ўқитувчи қирол ва валиаҳд шаҳзодани ҳақорат қилишда айбдор деб топилди. Ал-Ғамдийнинг твитлари, ретвитлари ва YouTube'даги видеолари учун унга ўлим жазоси тайинланган. Қизиғи 54 ёшли пенсионернинг бор-йўғи тўққизта обуначиси бўлиб, у асосан бошқаларнинг постлари ёки видеоларини улашган, ўзи ҳеч нарса тайёрламаган.
Айни пайтда Буюк Британияда яшаётган Муҳаммад ал-Ғамдийнинг укаси Саид бин Носир ал-Ғамдийнинг айтишича, акаси “бор йўғи” унга қондошлиги учун жавоб беряпти. Чунки Саид бин Носир Саудиядаги ҳукмрон оиланинг мухолифати етакчиси ҳисобланади.
Human Rights Watch ташкилотининг қайд этишича, Саудия ҳукумати сўнгги йилларда мухолифатчилар ва хориждаги диссидентларни мамлакатга қайтишга мажбурлаш мақсадида уларнинг оила аъзоларини тез-тез нишонга олмоқда.
Ташкилот Саудия Арабистони ҳукуматини Муҳаммад ал-Ғамдийга нисбатан чиқарилган ўлим ҳукмини бекор қилишга чақириб, у ўз фикрларини фақат тинч йўл билан интернетда ифода этганини таъкидламоқда.
Саудия Арабистони ўлим жазосини тез-тез қўллагани учун узоқ вақтдан бери танқидларга учраб келади. Халқаро Амнистия маълумотларига кўра, 2022 йилда қироллик 196 та қатлни амалга оширган. Бу билан Хитой ва Эрондан кейин учинчи ўриндан жой олган.
Маълумот учун, 2022 йил 12 март куни Саудия Арабистонида энг йирик оммавий қатл амалга оширилган эди. Унда 81 киши қатл этилган. Ўтган йилнинг ноябрь ойида БМТ Саудия Арабистонида гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларга 21 ойлик норасмий мораторийдан сўнг, қатл этилганлар сонининг кўпайишидан хавотир билдирганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь