Саудия Исроил туфайли АҚШ билан мудофаа шартномасидан воз кечди

Олам

image

Саудия Арабистони Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш эвазига Вашингтон билан кенг қамровли мудофаа шартномасини қўлга киритиш ҳаракатидан воз кечди ва энди камтарроқ ҳарбий ҳамкорлик шартномасига интилмоқда. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Reuters” хабар берди.

Нашрининг ёзишича, жорий йил бошларида Риёд кенг қамровли хавфсизлик шартномаси устида келишиш мақсадида Фаластин давлатчилигига бўлган позициясини юмшатганди. Хусусан, Саудия Қироллиги Вашингтонга Исроилнинг “икки давлат ечими” ғоясини жамоатчилик олдида қўллаб-қувватлаши Саудиянинг муносабатларни нормаллаштириши учун етарли бўлиши мумкинлигини маълум қилган.

Бироқ Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлар сабабли Саудия ва Яқин Шарқда жамоатчилик ғазаби кучайиши фонида валиахд шаҳзода Муҳаммад бин Солмон Исроилни тан олишни Фаластин давлатини яратишга қаратилган аниқ қадамлар билан яна боғлаган.

Ғарб дипломатларига кўра, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Саудия билан муносабатларни нормаллаштиришга, буни тарихий босқич сифатида қабул қилинишига интилмоқда. 

“Ҳозирча, икки раҳбар ўз ички қудрат манбаларидан келиб чиқиб ҳаракатланмоқда. Риёд ва Вашингтон Байденнинг 2025 йил январда президентлик муддати тугагунча янада камтарроқ мудофаа шартномасига эришишга умид қилмоқда”, дейилади хабарда.

Нашр манбасига кўра, тўлиқ миқёсдаги АҚШ-Саудия шартномаси АҚШ Сенатида учдан икки овоз билан тасдиқланиши керак бўлади ва бу Риёд Исроилни тан олмагунча амалга ошмайди. 

Ҳозирги муҳокама қилинаётган шартнома қўшма ҳарбий машғулотлар ва минтақавий таҳдидларга қарши қўшма чора-тадбирларни, асосан Эронга қарши ҳаракатларни кенгайтиришни ўз ичига олади. У АҚШ ва Саудия мудофаа компаниялари ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантиради, Хитой билан ҳамкорликни чеклашга кафолат беради.

Шунингдек, шартнома Саудиянинг дронларга қарши мудофаа каби илғор технологияларга сармоя киритишини қўллаб-қувватлайди ва Қўшма Штатлар Ар-Риёдда ўқитиш, логистика ва киберхавфсизликни қўллаб-қувватлаш орқали ўз мавжудлигини оширади ҳамда ракеталарга қарши мудофаа ва интеграциялашган тўсиқни кучайтириш учун Patriot ракета батальонини жойлаштириши мумкин бўлади.

Аммо бу АҚШ кучларини чет эл ҳужуми бўлган тақдирда дунёдаги энг йирик нефть экспортчисини ҳимоялашга мажбур қиладиган ўзаро мудофаа шартномаси бўлмайди.

“Саудия Арабистони хавфсизлик бўйича келишувга эришади. Бу эса кўпроқ ҳарбий ҳамкорлик ва АҚШ қуролларини сотиш имконини беради”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, Саудия Арабистони Исроил давлатини ҳозиргача расман тан олмаган ва дипломатик муносабатлар ўрнатмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Саудия Арабистони мудофаа шартномаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг