Мирзиёев Саудия Арабистонига жўнаб кетди
Жамият
−
11 Ноябрь
3017Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Икки муқаддас масжид ходими – Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан бугун, 11 ноябрь куни амалий ташриф билан ушбу мамлакатга жўнаб кетди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ташриф дастурига мувофиқ, давлат раҳбари Ар-Риёд шаҳрида Ғазо ва Ливандаги вазиятнинг кескинлашуви ҳамда Яқин Шарқдаги можарога тез фурсатда ечим топиш чораларини ишлаб чиқишга бағишланган навбатдан ташқари Араб-ислом саммитида иштирок этади ва нутқ сўзлайди.
12-13 ноябрь кунлари эса Ўзбекистон етакчиси Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига кўра БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича ҳадли конвенцияси Томонлари конференциясининг 29-сессияси (COP29) тадбирларида қатнашади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 11-13 ноябрь кунлари халқаро саммитларда иштирок этиш учун амалий ташриф билан Саудия Арабистони ва Озарбайжон Республикасида бўлиши хабар қилинганди.