Саудия клуби Салоҳга “фазовий нарх” таклиф қилмоқда
Спорт
−
01 Сентябрь 2023
16170Саудия Арабистонининг “Ал-Иттиҳод” клуби “Ливерпуль” ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳни сотиб олиш учун Англия клубига 150 миллион евро таклиф қилмоқда. Бу ҳақда CBS Sports журналисти Бен Жейкобс хабар берди.
Манбага кўра, “Ливерпуль” ҳали Саудия клубидан расмий таклиф олмаган, бироқ “Ал-Иттиҳод” бу трансферга жиддий қарамоқда. Ҳозирча эса “қизиллар” ҳужумчини ҳар қандай нарх эвазига қўйиб юборишни истамаяпти.
Муҳаммад Салоҳ трансфери қанча ортга сурилгани сари “Ал-Иттиҳод” раҳбарияти нархни шунча кўтариб бормоқда, улар таклиф суммасини ҳатто 200 миллион еврога қадар ошириш истагида.
Мисрлик футболчи “Ливерпуль” билан 2025 йилнинг ёзига қадар шартнома имзолаган. Салоҳ “қизиллар” сафида 2017 йилнинг ёзидан бери тўп суриб келмоқда. У жамоа билан биргаликда 2018/2019 йилги мавсум Европа Чемпионлар лигасида ғолиб чиққан.
Маълумот учун, “Ал-Иттиҳод” сафида “Реал”нинг собиқ футболчиси, 2022 йилги “Олтин тўп” соҳиби Карим Бензема, “Челси” билан Европа Чемпионлар лигасидa ғолиб чиққан Н'голо Канте ва Салоҳнинг собиқ жамоадоши Фабиньо тўп тепади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь