Саудия ҳусийлар зарбалари ортидан хавфсизлик огоҳлантиришларини эълон қилди
Олам
−
16 сентябр 2527 2 дақиқа
Саудия Арабистони кеча, 15 сентябр куни мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида, жумладан муқаддас Макка шаҳри ва мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Жиддада хавфсизлик огоҳлантиришларини эълон қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, огоҳлантиришлар Эрон билан иттифоқчи жангариларнинг бир ҳафта давомида қилган ҳужумлари ортдан берилган. Бу ҳужумлар Саудия Арабистонини Яқин Шарқдаги урушга янада чуқурроқ жалб қилди.
Огоҳлантиришлар кўп ўтмай бекор қилинган. Саудия расмийлари ҳудудга учиб келган снарядлардан бирортаси ерга тушган-тушмаганини дарҳол маълум қилмаган, шунингдек, ҳужумлар учун масъулиятни ҳеч ким ўз зиммасига олмаган.
Бироқ бу огоҳлантиришлар ўтган ҳафта можаро кучайганидан бери энг кенг қамровлиси бўлган. Маккада хавфсизлик бўйича огоҳлантириш берилиши эса уруш бошланганидан бери биринчи марта қайд этилган. Шаҳарда барча мусулмонлар учун муқаддас бўлган зиёратгоҳлар жойлашган.
Эрон билан иттифоқчи ҳусийлар сўнгги кунларда Яманнинг Қизил денгиз соҳилидаги Боб ал-Мандаб бўғозига қараган ҳудудларнинг бир қисмини назоратга олган. Бу дунёдаги энг муҳим денгиз йўлакларидан бири бўлиб, Ҳормуз бўғози орқали ташишлар издан чиққан бир пайтда Саудия нефти экспортига таҳдид солмоқда.
АҚШнинг аралашишга эҳтиёткорлиги
Саудия Арабистони 2015 йилдан бери ҳусийларга қарши курашаётган коалицияга бошчилик қилади. Сўнгги йилларда ўт очишни тўхтатиш келишуви туфайли можаро асосан тинчиб турган эди, аммо ҳусийлар халқаро ҳамжамият тан олган Яман ҳукуматига содиқ кучларни сиқиб чиқара бошлаганидан кейин жанглар шу ойда яна авж олди.
Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон 15 сентябрь куни Қоҳирада Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий билан учрашган. Миср Президенти матбуот хизмати учрашувдан кейин тарқатган баёнотда икки раҳбар Боб ал-Мандаб ва Қизил денгизда кемалар қатнови эркинлиги ва хавфсизлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлагани айтилган.
Валиаҳд шаҳзода 14 сентябрь куни Жиддада АҚШнинг минтақавий ҳарбий қўмондони адмирал Брэд Купер билан учрашган. У ўтган ҳафта АҚШ Президенти Дональд Трамп билан телефон орқали суҳбатлашиб, ҳарбий ёрдам сўраган эди. Ҳозирча АҚШнинг ёрдами разведка маълумотларини тақдим этиш билан чекланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистонига Ямандаги Эрон қўллаб-қувватлаётган ҳусийлар томонидан уюштирилган ҳужумлар оқибатида камида 73 киши жароҳатланганди.
Бунинг ортидан ҳусийлари 14 сентябрь куни Саудия Арабистонига янги ракета ва дрон ҳужумларини амалга ошириб, минтақадаги вазиятни янада кескинлаштирганини маълум қилганди.
Live
Барчаси“Бойсун дўпписи” патентланди
16 сентябр
Рональд Куманнинг аёли 65 ёшида вафот этди
16 сентябр