Сардор Ўртач ҳибсга олинди
Олам
−
12 Ноябрь
55361Туркиянинг Истанбул шаҳри прокуратураси томонидан машҳур санъаткорлар ва блогерларга қарши ўтказилган тергов доирасида онлайн қимор рекламасида иштирок этган таниқли қўшиқчи Сардор Ўртач ҳибсга олиниб, унга уй қамоғи жазоси тайинланди. Бу ҳақда “Cumhuriyet” хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу иш доирасида гумонланаётган 23 киши орасида туркиялик актёр Меҳмет Али Эрбил, мусиқачи Зорбей Эркоч, 19 миллион обуначиси бор блогер Иброҳим Йилмаз, рус-турк блогери Александр Менсиков ва 1,3 миллион обуначига эга Эсма Сезен ҳам ҳибсга олинган. Улар маҳаллий Кибержиноятлар бўйича тергов бўлими томонидан қўлга олиниб, сўроқ қилингандан сўнг, прокуратура ҳибсга олиш тўғрисида судга талабнома юборган.
Шу асосда Сардор Ўртачга “пул тикиш ва қимор ўйинларига жалб қилиш” айби билан уй қамоғи жазоси тайинланган. Суд мажлисидан кейин Ўртач ўз ишидан пушаймон эканини билдирган.
“Жуда афсусдаман. Ушбу қимор ўйинларига бўлган қарамлик туфайли мен уйимни, соғлиғимни ва оиламни йўқотдим. Энди эса суддаман”, деди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида ўз Instagram саҳифасида онлайн қиморни реклама қилган 22 ёшли блогер қўлга олинган эди.