Санъаткорларнинг уй олишига ёрдам берилади
Маданият-санъат
−
08 Ноябрь 2023
12381Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси узоқ йиллардан буён санъат соҳасида самарали фаолият олиб борган маданият ва санъат соҳаси вакилларига ҳамда истеъдодли ёш ижодкорларга уй учун субсидия ажратмоқчи. Бу ҳақдаги "Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун маданият ва санъат ходимларига субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор лойиҳаси Маданият вазирлиги томонидан тақдим этилди.
Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари қарори билан маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ипотека кредити асосида сотиб олинаётган уй-жойнинг 50 фоизи тўлаб берилади. Аммо ушбу тўлов миқдори Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар учун 192,5 млн сўмдан, Тошкент шаҳри учун эса 245 млн сўмдан юқори бўлмаслиги зарур.
Шунингдек, субсидия тақдим этиш тўғрисидаги тавсиянома олган шахслар уй учун дастлабки тўловнинг камида 5 фоизини ўз ҳисобидан тўлаши керак.
Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбековга топширилган. Қонун лойиҳасининг муҳокамаси 22 ноябрь куни якунланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Маданият вазирлиги учун келгуси йилда давлат бюджетидан 1 трлн 100 млрд 445 млн 300 минг сўм пул маблағи ажратилиши режалаштирилаётгани маълум қилинганди.
LiveБарчаси