Сами Юсуфнинг концерти ортидаги машмашалар: ким ҳақ?
Маданият-санъат
−
29 Апрель 2019
24276Аввалроқ, англиялик хонанда Сами Юсуф Ўзбекистонда концерт бериши ҳақида хабар берган эдик. Ушбу хабар оз фурсатларда яшин тезлигида тарқалиб, ҳатто, Англиягача етиб борди.
Хабарда Сами Юсуфнинг 24 август куни Тошкентдаги “Humo arena” муз саройида бўлиб ўтадиган концерт дастури учун “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан гувоҳнома берилгани ҳақида айтилганди. QALAMPIR.UZ мазкур масала юзасидан “Ўзбекконцерт” ДМ директори Одилжон Абдуқаҳҳоров билан билан боғланиб, хабарлар асосли экани юзасидан расмий маълумот олди.
Орадан кўп ўтмай, Сами Юсуф ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасига QALAMPIR.UZ’да эълон қилинган хабарни жойлаштирди ва Ўзбекистонда концерт бериши билан боғлиқ маълумотларни ёлғонга чиқарди. Шунингдек, одамларни чипта харид қилмасликка чақирди.
Қандай қилиб шундай нуфузли саройда ўтадиган концерт ҳақида ёлғон хабарлар тарқатилиши мумкин дерсиз. Устига-устак “Ўзбекконцерт” ДМ концерт ўтказиш учун муҳрланган расмий гувоҳнома берган бўлса...
Гап шундаки, “Сабр-завқ” МЧЖ “Ўзбекконцерт” ДМдан расмий рухсатномани олмагунга қадар Сами Юсуфга келишилган маблағнинг бир қисмини, “заклад”ни бермаган. Рухсатнома олингач, хонанданинг маъмурлари билан боғланиш бўйича иш олиб борилган. Шошқалоқ Сами Юсуф эса пул чўнтагига келиб тушмагани учун ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда ўтадиган концертни ёлғонга чиқарган.
Концерт ташкилотчиси – “Сабр-завқ” МЧЖ вакили келтирган маълумотларга қараганда, QALAMPIR.UZ эълон қилинган хабар ортидан, Англиядаги ўзбекистонликлардан бири Сами Юсуф билан боғланиб, концерт ташкилотчилиги пухта олиб борилмаётганини ва ёлғон хабарлар тарқатилаётганини айтади. Ўртада шартнома йўқлигини иддао қилиб, концертни ўзи уюштириб бериши мумкинлигини таклиф қилади. Икки ўртада тадбиркорларнинг чала ишин ортидан Сами Юсуф Ўзбекистонда ёлғон концерт уюштирилаётгани важи билан ижтимоий тармоқда мурожаат билан чиқади.
“Биз Сами Юсуфнинг маъмурлари билан мулоқотни 2018 йилнинг декабрь ойида бошлаганмиз. Концертни Наврўз байрами муносабати билан “Бунёдкор” стадионида ўтказмоқчи эдик. Лекин, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Диний қўмита стадионда концерт ўтказишимизни тавсия қилмади. Шу боис концерт вақти ўзгарди. Сами Юсуф билан 185 минг АҚШ долларига келишгандик. Шундан 20 фоизини аввалдан ўтказишимиз керак эди. Биз пулни ўтказганимиздан кейин, улар кунини тасдиқлаб бериши керак бўлган. Биз қўлимизда рухсатнома бўлмагани учун, пулни ҳозирча ўтказмаган эдик. Бизга рухсатнома берилгандан кейин, ОАВга хабар қилдик. Ҳали у билан расмий шартнома тузилмаган, аммо барибир бу концертни ўтказишга ва пулни тўлаб беришга амин эдик. Биз рухсатномани олмагунча пул ўтказа олмаслигимиз ҳақида уларни огоҳлантирганмиз. Бизни хатомиз пулни ўтказмасдан туриб, ОАВга хабар берганимиз бўлди. QALAMPIR.UZ’да чиққан хабарни бугун соат 12:00 атрофида Сами Ясуфга юбордик. Унга хабар ёқмади, яъни пулни ўтказмасдан туриб, концерт хабарини беришимизни тўғри деб билмади”, дейди “Сабр-завқ” МЧЖ вакили Равшан Саидов.
Баён этилганидек, тадбиркор ва хонанда ўртасидаги ўзаро келишмовчилик катта-катта муаммоларнинг келиб чиқишига, икки ўртада расмий ташкилотлар, расмий ахборот воситалари ёлғонга шерик бўлиб қолишига сабаб бўлмоқда.
Биз ОАВ ўлароқ расмий ахборотга асосланиб хабар тарқатдик. Яъни, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан берилган рухсатнома бунга асос эди. Ташкилотчиларнинг пухта иш қилмасалиги, хонанданинг шошқалоқлиги давлат имижига салбий таъсир кўрсатмоқда. “Ўзбекконцерт”га келсак, у ваколати доирасида ўз ишини қилган. Исталган тадбиркор муассасага бирор хонанданинг концертини ташкил этиш бўйича мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Хонанданинг келиш-келмаслигини таъминлаш, ўзаро шартномага аралашиш эса “Ўзбекконцерт”нинг ваколатига кирмайди. Халқимизда бир кун туз еган жойингга қирқ кун салом бер деган нақл бор. Сами Юсуф Ўзбекистонга келиб қолса, бугун қилган ишидан уюлмасмикин...