Самарқанддаги тўйда 11 киши овқатдан заҳарланди

3-саҳифа 5325
image

Жорий йилнинг 18 июль куни Самарқанд вилояти Ургут туманида бўлиб ўтган тўй маросимида 11 киши овқатдан заҳарланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Қайд этилишича, кеча, 19 июль куни маросимда меҳмон сифатида қатнашган 56 ёшли аёл “Ўткир овқат токсикоинфекцияси” ташхиси билан шифохонага мурожаат қилган. 

Бемор аёлга тез тиббий ёрдам кўрсатиш билан бир вақтда юқумли касалликлар бўлими патронаж хизмати томонидан ушбу аёл билан тўйда иштирок этган бир нечта фуқароларнинг хонадонларига борилган ва улар юқумли касалликлар бўлимига таклиф қилиниб, кўрикдан ўтказилган.

Текшириш натижасида улар ичидан яна 10 нафар (9 нафари аёл, 1 нафари эркак) фуқарога “Енгил овқат токсикоинфекцияси” ташхиси қўйилган. 

Кўрсатилган тез тиббий ёрдам натижасида уларнинг соғлиғи тўлиқ яхшиланган ва 20 июль куни уйларига кетишига рухсат берилган.

“Ҳозирда шифохонада фақатгина дастлаб мурожаат қилган бемор аёлга тиббий ёрдам кўрсатиб келинмоқда ва уни ҳам соғлиғи яхшиланиб келаётгани аниқланди”, дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан Ургут тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Ижтимоий тармоқларда ушбу ҳолатда 200 га яқин одам заҳарлангани ҳақидаги хабар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қиламиз”, дея қўшимча қилган Бош прокуратура матбуот котиби.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 115
Рейтинг: 3
t
×