Самарқандда яна ҳайдовчи ЙПХ ходимини судраб кетди (видео)
3-саҳифа
−
06 Февраль
5274Жорий йилнинг 4 февраль куни Самарқанд вилояти Оқдарё туманида Cobalt русумли машина ҳайдовчиси йўл-патруль хизмати ходимининг талабларига бўйсунмай, уни машина эшигида судраб кетди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, туман ҳудудидан ўтувчи М-37 автомобиль йўлининг 34-километрида хизмат олиб бораётган ходим тақиқланган жойда тўхтаб турган Cobalt русумли автомобиль ёнига боради ва ҳайдовчидан автомобилнинг тегишли ҳужжатларини сўрайди. Ҳайдовчи эса ходимнинг талабларига бўйсунмасдан ҳаракатни давом эттиради. Шундан сўнг, хизмат олиб бораётган ходим автомобилни тўхтатиш учун машина эшигига осилиб олади. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Cobalt машинаси ЙПХ ходимини судраб кетаётгани акс этган.
“Кеча мен ходимга бўйсунмасдан машинани ҳайдаб кетдим, лекин барибир уларнинг қўлига тушдим. Йўл патруль хизмати ходимидан қочиб, қамоққа келдим”, деган ҳайдовчи.
Мазкур ҳолат юзасида Оқдарё тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 19-моддаси 1-қисми (Мастлик ҳолатида содир этилган жиноят учун жавобгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳайдовчи процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 январь куни Самарқанд шаҳрининг Буюк Ипак йўли кўчасида хизмат фаолиятини олиб бораётган йўл-патруль хизмати ходими томонидан шу йўналиш бўйлаб давлат рақам белгисиз Onix ҳайдовчисига сезиларли ва ҳуштак ёрдамида тўхташ ишораси берилганда ҳайдовчи инспекторнинг қонуний талабига бўйсунмасдан, унинг устига ҳайдаб, тан жароҳати етказган ва воқеа жойидан яширинганди.