Самарқандда қарийб 32 кг марихуанани уйида сақлаган шахс ушланди
3-саҳифа
−
08 Январь
7522Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида салкам 32 кг марихуанани уйида сақлаган шахс ушланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Жомбой туманида ўтказилган тезкор тадбирда Эски Жомбой маҳалласида яшовчи, 1983 йилда туғилган А.А.нинг яшаш уйи ва ёрдамчи хўжалик хоналарида тинтув ўтказилганда оғирлиги 31 килограмм 855 грамм бўлган марихуана, 2 грамм опий гиёҳвандлик моддаси ва 2 дона психотроп таблетка топилган.
Бундан ташқари, ДХХ вилоят бошқармаси ҳамда ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган яна бир тезкор тадбир давомида Самарқанд туманида яшовчи 1991 йилда туғилган Р.А. ҳамда 1992 йилда туғилган Б.М. 198 дона “Зардекс” психотроп дори воситасини маҳаллий фуқарога сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Билдирилишича, юқоридаги ҳолатлар юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 7 январь куни Тошкент шаҳри, Андижон ва Фарғона вилоятларида кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг муомалага киритилишининг олди олингани хабар қилинганди.