Самарқандда истеъмолга яроқсиз ёғ ишлаб чиқарилгани аниқланди
Жамият
−
23 Октябрь 2023
6081Самарқанд вилояти, Каттақўрғон туманида хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган ёғ ишлаб чиқарувчи цех фаолияти фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, “Ж.Ж.” МЧЖ раҳбари Ж.М. қариндоши М.Ш.га тегишли нотурар бинода яширин цех ташкил этиб, истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиги учун хавфли ёғ маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.
“Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Каттақўрғон туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан бирга ўтказилган тезкор тадбирда 350 литр ёғ, 13 330 кг чигит, 1 дона жувоз ускунаси ва бошқа товар моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 186-2-моддаси (чигитдан олинадиган маҳсулотни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.