Самарқандда фаст-фуддан заҳарланган фуқаролар бўйича қўшимча маълумот берилди

3-саҳифа

image

Аввалроқ Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида бир неча фуқаролар овқатдан заҳарлангани ҳақида хабар берилган эди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Самарқанд вилоят бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан қўшимча маълумотларни очиқлади.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 14 сентябрь куни соат 13:50 дан соат 17:00 га қадар Пастдарғом туманида яшовчи 5 нафар фуқаро кўнгил айниши, қайт қилиш, ич кетиши, қорин соҳасидаги оғриқ, тана ҳароратининг кўтарилиши каби шикоятлар билан туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига мурожаат қилган.

Шифокорлар кўригидан сўнг беморлар “Ўткир гастроэнтирит-овқатдан заҳарланиш” бирламчи ташхиси билан юқумли касалликлар бўлимига ўрта оғир аҳволда ётқизилган.

Беморларнинг бешаласи ҳам жорий йилнинг 12 сентябрь куни соат 13:00-16:00 лар оралиғида Пастдарғом тумани Жума шаҳри “Амир Темур” маҳалласида жойлашган “Т.А.А.” оилавий корхонасига қарашли “Мералс” савдо шохобчасидан фаст-фуд истеъмол қилгани маълум бўлган.

“Ҳозирда ушбу савдо шохобчасининг фаолияти вақтинчалик тўхтатилган. Мутахассислар томонидан текширилмоқда. Ўтказилган текшириш ва лаборатория таҳлил натижалари бўйича қўшимча маълумот берилади”, дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилояти Ангрен шаҳридаги 3 та давлат мактабгача таълим ташкилотининг жами 18 нафар тарбияланувчиси диарея билан шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берилганди. Шундан сўнг, ушбу боғча ёпилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд фаст-фуд Санэпидқўмита

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг