Самарқандда “дом”нинг 10-қаватига бассейн қурилгани аниқланди
3-саҳифа
−
04 Сентябрь
24265Самарқандда кўп қаватли уйнинг 10-қават пентхаус қисмида ўзбошимчалик билан бассейн қурилганлиги аниқланди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳудудий Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси хабар берди.
Қайд этилишича, мурожаатларга асосан Самарқанд вилояти ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан ўтказилган рейд тадбирлари давомида Самарқанд шаҳар “Суғдиёна” маҳалласидаги 67-А сонли кўп қаватли уйнинг 10-қават пентхаус қисмида ўзбошимчалик билан бассейн қурилгани аниқланган.
“Бассейн кўп қаватли уйнинг лойиҳасида назарда тутилмаган. Сейсмик ҳодиса вақтида бинонинг тебранишини кучайтириб, сейсмик мустаҳкамлигига зарар етказиши мумкин”, дейилади хабарда.
Инспекция ходимлари томонидан мулкдорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 159-моддасига (Турар жойларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини, уй-жой фондидан техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларини, кўп квартирали уйларни бошқариш қоидаларини бузиш) асосан маъмурий жарималар қўлланилди ва мажбурий кўрсатмалар берилди.
Мажбурий кўрсатмада берилган вақт ичида мулкдор ҳолатни ўз ихтиёри билан бартараф қилиб, уйни олдинги ҳолатига қайтармаса унга нисбатан тегишли ҳужжатлар тўпланиб, мажбурий тартибда бартараф этиш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси киритилиши тушунтирилди.
LiveБарчаси