Самарқандда 20 нафар йўловчиси бор автобус ағдарилиб кетди

3-саҳифа 21291
image

Кеча, 18 ноябрь куни Самарқанд вилоятида 20 нафар йўловчиси бўлган автобус ағдарилиб кетди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти прокуратураси маълум қилди.

Соат тахминан 22:30 да ҳайдовчи А.И. бошқарувида бўлган “GOLDEN DRAGON” русумли автобус 20 нафар йўловчи билан Оқдарё туманида “Самарқанд-Бухоро” М-37 автомобиль йўлида ағдарилиб кетган.

Қайд этилишича, ҳайдовчи автобусни бошқариб келаётган вақтида, асфальт қисми сирпанчиқ бўлганлиги натижасида автомашина бошқарувини йўқотиб, йўлнинг ўнг томон четки қисмидаги пастликка транспорт воситаси ағдарилиб кетиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида автобусда йўловчи сифатида келаётган фуқаролар А.Б. ва Ф.Р. турли даражадаги тан жароҳатлари олиб Оқдарё туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.

Ҳодиса содир бўлган жойга тезкор-тергов гуруҳи аъзолари чиқишган ва ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Оқдарё туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Вилоят прокуратурасининг баёнотида қолган 18 нафар йўловчининг аҳволи тўғрисида маълумот берилмаган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 979
Рейтинг: 3
Теглар
t
×