“Самарқанд-2028” сунъий йўлдоши май ойида учирилиши мумкин
Жамият
−
17:58 1532 1 дақиқа
Хитойнинг “StarVision” компанияси томонидан ишлаб чиқилган “Самарқанд-2028” сунъий йўлдоши жорий йилнинг май ойида учирилиши кутилмоқда. Бу ҳақда “Ўзбеккосмос” агентлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, Тошкентда жорий йилнинг 30 март-1 апрель кунларида Марказий Евроосиё ҳудудидаги космик технологиялар тармоғининг энг йирик Space Technology Conference 2026 халқаро анжумани ўтказилган. Ушбу конференция Ўзбекистонни Марказий Евроосиё космик технологияларининг етакчи марказига айлантиришга хизмат қилган. Конференция доирасида сунъий йўлдошларни ишлаб чиқиш ва илмий лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган.
Қайд этиш жоиз, 2025 йилнинг ноябрь ойида “Ўзбеккосмос” ва Хитойнинг “StarVision” компанияси сунъий йўлдош технологиялари ва космик иловаларни ривожлантириш бўйича стратегик меморандум имзоланган. Томонлар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, илмий ва технологик интеграцияни кучайтириш, университетлар ва компаниялар билан ҳамкорлик қилишга келишиб олган.
Унда “StarVision” ўзининг гиперспектрал сунъий йўлдошларидан бирига “Самарқанд-2028” номини беришга рози бўлган ва 2028 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Халқаро Астронавтика Конгрессини қўллаб-қувватлашини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон 2028 йилда “Мирзо Улуғбек” номли 6U форматдаги илмий сунъий йўлдошни учириши мумкинлиги хабар қилинганди.
Live
Барчаси