Самарқанд ҳокими ишдан кетадими?

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов соғлиғи туфайли лавозимдан кетмоқчилиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. QALAMPIR.UZ бунга аниқлик киритиш мақсадида Самарқанд вилоят ҳокими матбуот котиби Манучеҳр Мирзаев билан боғланди. 

Унинг маълум қилишича, ҳоким айни пайтда ўз кабинетида мажлис қиляпти.

“Тўғриси, ўзим ҳам бу хабарларни ҳозир ўқиб, ҳайрон бўлиб турибман. Бизда ҳозирча бундай гап йўқ. Турдимов ўз режаси бўйича бугун сессия йиғилишини ўтказиши керак. Бу бир ҳафта олдин белгиланган. Аммо бугунги сессия кун тартибида кўриб чиқилиши керак бўлган масалалар орасида ҳокимнинг ишдан кетиш масаласи йўқ”, деди у.

Эркинжон Турдимов парламент сайловидан сўнг ноябрь ойи бошида, 5 ноябрь куни Халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгашининг навбатдаги йиғилишида Самарқанд вилояти ҳокими этиб қайтадан тасдиқланганди.

Унинг матбуот котиби ишдан кетишига сабаб сифатида кўрсатилаётган соғлиғи билан муаммолар ҳокимлик вазифасини бажаришига тўсқинлик қилмаслигини айтмоқда.

“Ҳа, унинг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар борлигини ҳамма билади. У 1-1,5 ой давомида ҳар йили даволанади ҳам. Лекин бу шу пайтгача унинг ўз вазифасини бажаришига тўсқинлик қилмаган”, дея маълумот берди Мирзаев.

Унинг айтишича, Эркинжон Турдимов Самарқанд ҳокимлигидан кетадими-йўқми бунга бир муддатдан сўнг ҳокимнинг ўзи аниқлик киритади.

Маълумот учун, Эркинжон Турдимовнинг касали қон босими билан боғлиқ. 2021 йил бошида у қон босими кўтарилгани ва микроинсультни бошдан кечиргани учун қисқа муддатли даволаниш таътилига чиққан эди. 2022 йилда ҳам у инсульт оқибатларини бартараф этиш учун Германияда даволаниб қайтган. 2024 йилда ҳам у айни шу муаммоси сабаб бошқа ҳокимларга қараганда кечроқ ишга қайтган, бу вақт оралиғида эса чет элда даволаниб келган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд Эркинжон Турдимов ҳоким

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг