Самарада ағдарилиб кетган автобусда 66 йўловчи бўлгани айтилди
Олам
−
09 Апрель
6849Аввалроқ, Россиянинг Самара вилоятида ўзбекистонликларни олиб кетаётган автобус йўл-транспорт ҳодисасига учрагани ва оқибатда икки киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди. Эндиликда Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси мазкур ҳолат бўйича қўшимча маълумот берди.
Ҳодиса Самара вилоятидаги Урал-Муханово трассасида содир бўлган. Чимкент-Нижний Новгород йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган автобус йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилиб кетди. Ҳодиса вақтида автобусда 66 йўловчи бўлган. Оқибатда икки нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди, 20 га яқин киши жароҳат олди ва ҳозирда тиббиёт муассасаларида.
Зарур ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси ва Қозон шаҳридаги Бош консуллик ходимлари воқеа жойига борган. Бу борада элчихона ходимлари Россия Федерациясининг Самара вилоятидаги тегишли ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилаётгани билдирилган.
“Вазият алоҳида назорат остида. Агар керак бўлса, қўшимча маълумот учун Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси консуллик бўлимининг call-марказига мурожаат қилишингиз мумкин: +7 499 238-36-20; +7-499 230-00-76, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги Бош консуллиги: +7 843 526 55 63; электрон почта манзили: каз.узcонсулате@mfa.uz”, дейилади расмий муносабатда.
Эслатиб ўтамиз, 3 апрель куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти Маржонбулоқ қишлоғидан ўтган Самара-Чимкент трассасида содир бўлган ЙТҲ оқибатида 8 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлганди. 4 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан 8 нафар ўзбекистонликнинг жасадини олиб келиш учун махсус борт Қозоғистонга учди. 5 апрель куни соат 03:00 ларда ЙТҲ қурбонларининг жасадлари Сурхондарё вилоятига олиб келинди.
LiveБарчаси