Қозоғистондаги ЙТҲда ҳалок бўлган 8 кишининг жасади Сурхондарёга олиб келинди
Жамият
−
05 Апрель
8890Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти Алгин тумани ҳудудида рўй берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этган Ўзбекистон фуқаролари Сурхондарё вилоятига олиб келинди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан, Ҳукумат фармойиши билан Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари бошчилигида ташкил этилган махсус комиссия кеча, 4 апрель куни Қозоғистон Республикаси Ақтўбе вилоятига етиб борган. Махсус комиссия аъзолари Қозоғистон Республикасининг масъул идоралари раҳбарлари билан учрашиб, белгиланган ташкилий ва амалий тадбирларни ҳамкорликда олиб борган.
Шундан сўнг Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг махсус бортида йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этган фуқаролар Қозоғистон Республикасидан бугун, 5 апрель куни соат 03:00 ларда Сурхондарё вилоятидаги Термиз халқаро аэропортига олиб келинди.
“Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Қозоғистон Республикаси масъул идоралари юзага келган бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этганларни Ўзбекистонга олиб келинишида яқиндан кўмаклашди”, дейилади ФВВ хабарида.
Билдирилишича, Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа, Ички ишлар, Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш ва Транспорт вазирликлари ҳамкорлигида 8 нафар вафот этган фуқароларнинг жасадлари яшаш манзилларига юборилган. Ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар томонидан дафн маросимларини ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 3 апрель куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти Маржонбулоқ қишлоғидан ўтган Самара-Чимкент трассасида содир бўлган ЙТҲ оқибатида 8 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлганди. Кеча, 4 апрель куни Президент Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг топшириғига асосан 8 нафар ўзбекистонликнинг жасадини олиб келиш учун махсус борт Қозоғистонга учди. Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев автомобиль ҳалокатида вафот этганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирди. Президент Шавкат Мирзиёев унга бунинг учун ўз миннатдорлигини ифода этди.
Шунга ўхшаш ҳолат олдинроқ ҳам рўй берганди. 11 январь куни Россиянинг Пенза вилоятидаги М-5 Урал трассасида юк машинаси ва микроавтобус иштирокида содир бўлган мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 7 нафар Ўзбекистон фуқароси воқеа жойида ҳалок бўлганди. Президентнинг топшириғи билан Пензада ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг жасадлари 13 январь куни Хоразм вилоятига олиб келинганди.
LiveБарчаси