“Салимбойвачча” жазони қаерда ўташи маълум бўлди

3-саҳифа

image

Халқ орасида "Салимбойвачча" номи билан машҳур Салим Абдувалиев 6 йилга озодликдан маҳрум этилгани расман тасдиқланди. Бу ҳақда  Тошкент шаҳар суди хабар берди.

Қайд этилишича, 2024 йил 19 март куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида Салим Абдувалиевга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, ҳукм эълон қилинган.

Суд ҳукмига кўра, Салим Абдувалиев Жиноят кодексининг 246-моддаси (контрабанда) 1-қисми билан жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги сабабли жиноий жавобгарликдан озод этилиб, жиноят ишининг шу қисми Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси (айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб жиноят ишини тугатиш учун асослар) 1-қисми 1-бандига асосан тугатилган.

"Салим Абдувалиев Жиноят кодексининг 248-моддаси (ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор, деб топилиб, унга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди”, дейилади хабарда.

Тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўтаттирилиш белгиланган.

Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари, Спорт курашлари ассоциацияси раиси Салим Абдувалиев (“Салимбойвачча”) Ўзбекистонда криминоген вазиятни яхшилаш, жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ноябрь ойида бошланган “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари давомида Тошкентнинг Файзобод даҳасида жойлашган уйидан олиб кетилган.

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаевга кўра, Салим Абдувалиевнинг ноқонуний қурол сақлаётгани аниқланган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 248-моддаси билан иш қўзғатилган ва қамоққа олиш эҳтиёт чораси танланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Салимбойвачча

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made