Салимбойдан ёрдам сўраб хат ёзган депутат ўз оёғи билан терговга келди
3-саҳифа
−
13 Январь
28969Ўзбекистонлик Салим Абдувалиевдан Қирғизистонда тартиб ўрнатишини сўраб хат йўллаган Қирғизистон Жогорку Кенеши депутати Эмил Жамғирчиев сўроққа келди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот маркази хабар бермоқда.
Махсус хизматларнинг эслатишича, 10 январь куни Жогорку Кенеш депутатни Қирғизистон Республикаси давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтгани учун жиноий жавобгарликка тортишга рози бўлган. Шу куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев депутат Эмил Жамғирчиев ўз ихтиёри билан тергов органларига келса, ҳибсга олинмаслигини маълум қилган.
“Бундан ташқари, 2024 йил 12 январь куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси парламент спикери ва “Альянс” парламент фракцияси раҳбарига Жамғирчиевнинг тергов ҳаракатларида иштирок этишини таъминлашда кўмаклашиш ҳамда уни ҳибсга олиш масаласи кун тартибида йўқлиги ҳақида маълумот беришни сўраб мурожаат йўллади. Ўша куни Эмил Жамғирчиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида адвокати иштирокида гумонланувчи сифатида сўроқ қилинган. Шунингдек, бошқа тергов ҳаракатлари олиб борилган, тергов органларига келиш мажбурияти олиб ташланган ва озод қилинган”, дейилади хабарда.
Депутат Эмил Жамғирчиев томонидан давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ҳолати бўйича тергов ишлари якуний босқичда бўлиб, яқин кунларда белгиланган тартибда якунланиб, моҳияти бўйича кўриб чиқиш учун адлия органларига юборилади.
Эслатиб ўтамиз, қирғизистонлик депутат Эмил Жамғирчиев қирғиз-ўзбек чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда айбланмоқда. У 2022 йил декабрь ойида Салим Абдувалиевдан ёрдам сўраш мақсадида чегарани ноқонуний кесиб ўтиб, Тошкентга келган. Шунингдек, у “Салимбой”га Қирғизистонда тартиб ўрнатишини сўраб, хат ҳам ёзган.
10 январь куни Қирғизистон Жогорку Кенешининг йиғилишида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев депутат Эмил Жамғирчиевнинг Салим Абдувалиевга берган мактубини ўқиб эшиттирди.
“Ҳурматли Салимбой ака, сиз бутун Марказий Осиёни назорат қиласиз, сизга ҳамма итоат қилади. Бизнинг Президентларимиз Акаев, Бакиев, Отунбаева, Атамбаев, Жеенбеков, Жапаровлар президентликдан олдин доим сиздан рухсат сўрашган. Мен ҳам буларнинг барчасини билиб туриб, сиздан ёрдам сўрайман”, дейди депутат ўз хатида.
Бунга жавобан эса Ташиев ҳеч бир президент Абдувалиевнинг дуосини олмаганини айтган.
“Бу қандай шармандалик? Бу бутун мамлакат учун шармандалик. Ҳеч бир президент жиноятчининг дуосини олмаган. У менга нисбатан чора кўришни сўраган. Хат борлигини Жамғирчиевнинг ўзи ҳам тан олган. Тасаввур қилинг, депутатлар орасида шундай одамлар бор”, дейди Ташиев.
Аммо унга жавобан Абдувалиев Қирғизистоннинг ишига аралаша олмаслигини айтган. Бундан хабар топган қирғизистонлик терговчилар ва тезкор ходимлар ўзбекистонлик ҳамкасблари билан бирга Салим Абдувалиевни сўроққа тутган.
Депутат 9 январь куни парламентда матбуот анжумани ўтказиши керак бўлган, бироқ унда қатнашмаган. Кейинроқ парламентга ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари келган. Депутат шундан сўнг ғойиб бўлган. У бинонинг иккинчи қаватидан сакраб қочган ва қайтиб келмаган.
Ўзбекистонда Жамғирчиевга нисбатан иккита жиноий иш қўзғатилган. Биринчиси фирибгарлик, иккинчиси эса давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан эса унга нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг 378-моддаси (Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Жамғирчиев ҳозирда қидирувга берилган. Ўзбекистон томони ҳам уни ҳибсга олишга қарор чиқарган.
LiveБарчаси