Саидов Тошкентнинг АҚШ билан муносабатлари келгуси тақдири қандай бўлишини айтди
Жамият
−
28 Февраль 2023
13023Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири вазифасини бажараётган Бахтиёр Саидов Тошкент АҚШ билан C5+1 доирасида ҳамкорликни янада кенгайтирмоқчилигини айтди. У бу ҳақда ўзининг Telegram’даги саҳифасида ёзган.
Маълумки, бугун, 28 февраль куни Қозоғистон пойтахти Остонада C5+1 (АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон) шаклидаги Ташқи ишлар вазирлари учрашуви бўлиб ўтди. Унда Саидов ҳам қатнашди.
“Бугун Остона шаҳрида АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистонлик ҳамкасбларим билан бирга C5+1 шаклидаги ташқи ишлар вазирлари учрашувини ўтказдик. Барқарор ўсиш, яшил энергия, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, минтақавий хавфсизлик ва бошқа масалалар бўйича мазкур платформа доирасида ўзаро ҳамкорлигимизни янада кенгайтиришга келишиб олдик”, дейди Саидов ушбу учрашувни баҳолаб.
Учрашувга мезбонлик қилган Қозоғистонга кўра, Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ C5+1 ҳамкорлик форматини институционал ривожлантиришга интилиши керак.
Блинкеннинг Марказий Осиёга ташрифи
Кеча, 27 февраль куни кечқурун АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен илк расмий ташриф билан Қозоғистонга келди. Бугун, 28 февраль куни у Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев қабулида бўлди. Учрашув чоғида республика раҳбари АҚШ билан стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини айтди.
Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ Ташқи ишлар идоралари раҳбарлари 28 февраль куни Қозоғистон пойтахти Остонада C5+1 форматида энергетика, иқтисодиёт ва терроризмга қарши кураш масалалари, шунингдек, халқаро муаммолар, жумладан, Украина атрофида вазиятни муҳокама қилди.
C5+1 формати Марказий Осиёнинг бешта давлати (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон) ва АҚШ ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг кўп томонлама механизми ҳисобланади. У 2015 йилда иқтисодиёт, экология ва хавфсизлик соҳаларидаги минтақавий муаммоларни муҳокама қилиш учун ташкил этилган. Қозоғистондан кейин Давлат департаменти раҳбари бугун, 28 февраль оқшомида Тошкентга келади. 1 март куни Нью-Деҳлига жўнаб кетади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь