“Саидазиз медгородок” айбига қисман иқрор бўлди

3-саҳифа

Бугун, 14 июнь куни “Саидазиз медгородок” номи билан танилган Саидазиз Саидалиев ва бошқаларга оид жиноят иши юзасидан иккинчи суд мажлиси бўлиб ўтди.

Шу вақтга қадар Саидазиз Саидалиев ва унга алоқадор 27 нафар судланувчига нисбатан “қамоққа олиш” ва 1 нафарига “муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилганди.

Тасдиқланган айблов хулосасига кўра, мазкур жиноят иши доирасида 31 нафар жабрланувчи ва 130 нафар гувоҳ жалб қилинган. 

Судга Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди раиси Муроджон Мирзажонов раислик қилмоқда. 

Мазкур масала юзасидан бўлиб ўтган иккинчи суд мажлисида, давлат айбловчиси судланувчиларга қўйилган айбловларни ўқиб эшиттирди. Унга кўра, Саидазиз Саидалиев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг  қуйидаги моддалари билан айбланмоқда: 

•  242-модда (Жиноий уюшма ташкил этиш) 1-қисми; 

•  243-модда (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш);

•  165-модда (Товламачилик) 3-қисми “а” ва “в” бандлари; 

•  277-модда (Безорилик) 2-қисми “б”, “в” бандлари; 

•  168-модда (Фирибгарлик) 4-қисми “а” ва “в” бандлари; 

•  211-модда (Пора бериш) 3-қисми “а” ва “б” бандлари;

•  277-модда (Безорилик) 3-қисми “а” банди билан айбланмоқда.

Давлат айбловчиси Саидазиз Саидалиевга оид айблов хулосасини ўқиб эшиттирганидан сўнг, судья судланувчидан айбига иқрор ёки иқрор эмаслигини сўради. Саидалиев эса шундай жавоб берди:

“Ҳурматли судья, [гувоҳлик берганларни] жабрланувчи деймизми, туҳматчи деймизми? Тўғри қилган жиноятларим бор, лекин улар айтган даражада эмас. Келиб, нотўғри гапириб чалғитаётган жойлари ҳам бор. Мен айбимга қисман иқрорман”.

Шунингдек, суд мажлиси давомида давлат айбловчиси томонидан бошқа судланувчиларга қўйилган айбловлар ҳам ўқиб эшиттирилди. Мазкур иш юзасидан давлат айбловчиси ва судланувчилар тўлиқ эшитилиб, суд тергови бошланди. 

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳар ИИББ томонидан Республикадаги криминоген вазиятни яхшилаш мақсадида “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари ўтказилиб, бир нечта жиноятчилар қўлга олингани маълум қилинди. Улар орасида “Салимбойвачча” номи билан танилган Салим Абдувалиев, “Бахти Ташкентский” лақабли Бахтиёр Қудратуллаев ва “Саидазиз медгородок” номи билан танилган Саидазиз Саидалиевлар бор эди. 

Шу кунларда Бахтиёр Қудратуллаев ва унинг жиноий шериклари экани айтилаётган 36 нафар судланувчига оид суд тергови давом этмоқда.  

Салим Абдувалиев эса 2024 йил 19 март куни Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди ҳукми билан Жиноят кодексининг 248-моддаси 2-бандида назарда тутилган жиноятни (ноқонуний қурол-яроғ сақлаш) содир этганликда  айбдор деб топилиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

суд Саидазиз медгородок Долзарб 40 кунлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг