Саида Мирзиёева портлашдан жабрланганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди
Жамият
−
28 Сентябрь 2023
9911Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева бугун, 28 сентябрь куни тунда Тошкент шаҳри Сергели туманида содир бўлган портлашдан жабрланганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди. Шунингдек, Мирзиёева давлат раҳбари учун ҳар бир фуқаро муҳим ва қадрли эканини қайд этди.
“Ишонтириб айтмоқчиманки, Президентимиз топшириқлари билан фожиа оқибатларини тезда бартараф этиш учун барча имкониятлар ишга солинган. Давлатимиз раҳбари учун ҳар бир фуқаро муҳим ва қадрли. Фурсатдан фойдаланиб, жабрланганларнинг оила аъзоларига ўзимизнинг чуқур ҳамдардлигимизни билдирамиз”, дейди Президент ёрдамчиси.
Мирзиёеванинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали маълум қилишича, агар ўз вақтида тегишли чоралар кўрилмаганда фожиа оқибатлари бундан-да ёмон бўлиши мумкин эди.
“Бугун беминнат ёрдам қўлини чўзаётган барчага, биринчи навбатда, тегишли идоралар билан биргаликда озиқ-овқат, бошпана ва психологик ёрдам кўрсатган пойтахтимизнинг жонкуяр аҳолисига миннатдорлик билдираман. Қутқарувчилар – Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ходимларига, тез тиббий ёрдам шифокорларига алоҳида раҳмат айтаман.
Бундай кунлар бизни ҳам бирлаштиради, ҳам синайди. Барчамиз мавжуд вазиятдан тўғри сабоқ чиқарамиз, деб умид қиламан”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, 28 сентябрь куни тунда Тошкент шаҳри Сергели туманидаги "Қурувчилар" даҳасида "Inter Logistics" МЧЖга қарашли омборхонада кучли портлаш содир бўлди. Оқибатда ҳудуддаги 26 та кўп қаватли уйнинг 592 та хонадони ҳамда 8 та хизмат кўрсатиш шохобчаси, 1 та мактаб ва 2 та МТТ биноларининг фасад қисми ҳамда дераза-ромларига зарар етди.
Шунингдек, портлашда 163 нафар фуқаро жабрланди ва ҳодиса оқибатида 2006 йилда туғилган бир нафар ўсмир воқеа жойида вафот этди.
Фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф этишга Миллий гвардия отрядлари жалб этилди ва воқеа жойига Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов ва Бош вазир Абдулла Арипов етиб бориб, ҳолатни назоратга олди. Шаҳар ҳокимининг маълум қилишича, етказилган моддий зарар қоплаб берилади.
“Биз бу масалани 2-3 кун ичида ҳал қиламиз”, деган у.