Саида Мирзиёева Қозоғистон Давлат маслаҳатчиси билан учрашди
Жамият
−
18 Март
4005Бугун, 18 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Қозоғистон Республикаси Давлат маслаҳатчиси Ерлан Карин билан учрашди. Бу ҳақда Мирзиёева ўз Telegram-каналида ёзиб қолдирган.
Маълум қилинишича, икки ўртадаги суҳбат давомида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити муҳокама қилинган.
“Суҳбат чоғида апрель ойида бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити ва Орол маданият саммитига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш юзасидан фикр алмашилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон муҳим халқаро тадбирлар доирасида қўшма ташаббусларни илгари суришда фаол ҳамкорлик қилаётгани мамнуният билан қайд этилган.
“Ижтимоий платформаларни тартибга солиш соҳасида мувофиқлаштириш ва тажриба алмашиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди”, дея ёзган Мирзиёева.
Учрашув якунида давлатлар раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларни тўлиқ ҳажмда амалга ошириш доирасида яқин мулоқотни бундан буён ҳам давом эттиришга келишиб олинган.
Маълумот учун, 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити бўлиб ўтади. Европа Кенгаши раиси Антонио Кошта ва Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен ушбу саммитда қатнашиш учун Ўзбекистонга келади. Тадбир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчилари иштирокида бўлиб ўтади. 4-5 апрель кунлари эса “Silk Road Samarkand” конгресс марказида биринчи Самарқанд иқлим форуми бўлиб ўтади. Форумда Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари, шунингдек, Европа Иттифоқи, БМТ, халқаро молия институтлари ва етакчи экология ташкилотлари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 17 март куни Абай номидаги Қозоғистон миллий опера ва балет театрида “Лазги. Муҳаббат ва қалб рақси” балет спектакли намойиш этилганди. Ушбу спектакль намойишида Қозоғистонга ташриф буюрган Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳам иштирок этган.