Саида Мирзиёева АҚШ Давлат котибининг ёрдамчиси билан учрашди
Жамият
−
09 Июнь 3586 2 дақиқа
Бугун, 9 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева АҚШ Давлат департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича бюроси раҳбари вазифасини бажарувчи – АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасини вақтинча бажарувчи Эрик Мейер билан учрашди. Бу ҳақда Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
“Бугун АҚШ Давлат департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича бюроси раҳбари вазифасини бажарувчи – АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасини вақтинча бажарувчи Эрик Мейер билан мазмунли ва самимий учрашув ўтказдик. Унда икки томонлама ҳамкорлигимизнинг асосий йўналишларини муҳокама қилдик”, дея ёзади Саида Мирзиёева.
Мирзиёеванинг қўшимча қилишича, учрашув давомида таълим ва маданият соҳасидаги алмашинувларга, жумладан, Америка университетлари билан ҳамкорликни кенгайтириш режаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Қолаверса, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, аёлларни қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам муҳокама қилинган.
“Бу борада Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар – тадбиркор аёллар учун дастурлар, молиявий ресурсларни тақдим этишда шаффофликни таъминлаш йўлидаги қадамлар ҳақида сўз юритдик”, дея ёзган Мирзиёева.
Шунингдек, Саида Мирзиёева Америкалик ҳамкорларга доимий қўллаб-қувватлаш ва очиқ мулоқот учун миннатдорлик билдирган.
“Ишонамизки, олдинда биргаликда эришиладиган натижалар ҳали кўп”, деган Президент ёрдамчиси.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон делегациясининг Москвага ташрифи якунида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин билан учрашув ўтказганди.