Рўйхатга олишда Ўзбекистон аҳолиси нега кўпроқ чиққани айтилди
Бу қизиқ
−
13:57 2804 2 дақиқа
Аввалроқ, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг дастлабки натижаларига кўра, Ўзбекистон аҳолиси сони 39 047 321 нафарни ташкил этгани ҳақида хабар берилган эди. Миллий статистика қўмитаси аҳоли сони нима учун жорий ҳисоб-китоблардан кўпроқ чиққанига изоҳ берди.
Жорий статистик ҳисоб-китоблар бўйича ушбу кўрсаткич 38 236 704 нафар эди (2026 йил 1 январь ҳолатига). Фарқ 810 617 нафарни ташкил этди.
Билдирилишича, бу ҳолат аҳоли сони сунъий равишда ошганини англатмайди. Аксинча, рўйхатга олиш – мамлакатда муайян сана ҳолатига ҳақиқий яшаб турган аҳолини тўлиқроқ қамраб олишга қаратилган йирик статистик жараён ҳисобланади.
Фарқ юзага келишининг асосий сабаблари қуйидагилар билан боғлиқ:
- жорий ҳисоб-китоблар одатда туғилиш, ўлим ва миграция бўйича маъмурий маълумотлар асосида юритилади;
- аҳолининг ички ҳаракати, яшаш жойини ўзгартириши, вақтинча бошқа ҳудудда бўлиши ёки рўйхат маълумотларининг ўз вақтида янгиланмаслиги ҳисоб-китобларда фарқ келтириб чиқариши мумкин;
- рўйхатга олиш жараёнида уй хўжаликлари, тураржойлар ва манзилли объектлар бўйича маълумотлар тўғридан тўғри аҳолидан йиғилган;
- онлайн рўйхатга олиш, OneID тизими, планшетлар ва геолокация маълумотларидан фойдаланиш қамровни кенгайтиришга хизмат қилган;
- Ўзбекистон ҳудудида 1 йилдан ортиқ истиқомат қилаётган хорижий фуқаролар ҳам рўйхатга олинган.
Қўмитага кўра, халқаро тажрибада ҳам аҳолини рўйхатга олиш натижалари жорий аҳоли ҳисоб-китобларидан фарқ қилиши табиий ҳолат ҳисобланади. Масалан, жорий аҳоли сони билан рўйхатга олиш натижалари ўртасидаги фарқ Канадада +3,15 фоиз, Қозоғистонда +1,6 фоиз, Россияда +1,12 фоиз бўлган. Айрим давлатларда эса рўйхатга олиш натижалари жорий ҳисоб-китоблардан пастроқ чиққан: Беларусда -0,7 фоиз, Австралияда -0,2 фоиз.
Ўзбекистонда мазкур фарқ +2,1 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткич халқаро амалиётда кузатиладиган ҳолатларга мос бўлиб, рўйхатга олиш жараёни аҳоли ҳақидаги маълумотларни янада аниқлаштирганини кўрсатади.
Кўплаб давлатларда рўйхатга олиш якунлари кейинги йиллар учун аҳоли сони, таркиби ва ҳудудий жойлашуви бўйича асосий таянч маълумот сифатида қабул қилинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда мамлакат аҳолиси сони сўнгги 129 йил ичида қарийб 10 баробарга кўпайгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида 1 йилдан ортиқ муддат истиқомат қилаётган 56 860 нафар хорижий фуқаро рўйхатга олинган. Аҳолини рўйхатга олиш жараёни учун қарийб 4,5 миллион АҚШ долларидан кўп маблағ сарфланган ва бир нафар аҳоли учун харажат 0,12 АҚШ долларини ташкил этган.
Live
Барчаси