“Рутан” янги препарат эмас. Унинг коронавирусга таъсири ўрганилиши керак

Жамият 5368
image

Аввалроқ, ўзбекистонлик олимлар ихтиро қилган “Рутан” дориси SARS CoV-2 типидаги вирусга қарши самара бергани ҳақида хабар қилгандик. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ушбу дори воситасида қўшимча маълумот берди.

Унда қайд этилишича, “Рутан” янги препарат эмас, унинг коронавирусга қарши таъсири эса ҳали ўрганилиши керак. Бу дори ўзбекистонлик олимлар томонидан 2015 йилда ишлаб чиқарилган. Дорининг грипп вирусларининг турли штаммларига қарши самараси исботланган.

“Рутан” препарати интерферон активловчи универсал дори воситасидир. У олимларимиз томонидан ишлаб чиқарилган ва организмнинг иммунитетини ошириш орқали гриппга қарши курашади”, деган Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Фан ва таълимни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Aзиз Дўсматов. 

ЎзР ФА Биоорганик кимё институти томонидан яратилган “Рутан” препаратини “China-Uzbekistan medicine technical park” ХК МЧЖ ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида жорий йилнинг 23 апрель санасида лицензион шартнома расмийлаштирилган бўлиб, Хитойдаги илмий институт Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган препаратнинг вирусга қарши самарасини юқори баҳолаган.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Ўзбекистонда COVID-19 вирусига қарши фойдаланиш учун тайёрланган 30 га яқин препарат Хитойнинг Шанхай шаҳрига синовдан ўтказиш учун юборилгани ҳақида хабар берган эдик.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 192
Рейтинг: 2.9
t
×