Рустам Умаров Жанубий Корея Президенти билан учрашди

Олам

image

Бугун, 27 ноябрь куни Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль Сеулга ташриф буюрган Украина Мудофаа вазири Рустам Умаровни қабул қилиб, Россия ва КХДР ўртасидаги ҳамкорликка қарши кураш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда “Yonhap” хабар берди.

Қайд этилишича, учрашувда Юн Сок Ёль Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик, жумладан, Шимолий Корея ҳарбийларининг Россияга юборилишидан келиб чиқадиган хавфсизлик таҳдидларига амалий жавоб бериш режасини ишлаб чиқиш Жанубий Корея ва Украина учун фойдали бўлишини таъкидлаган.

Шунингдек, Украина делегацияси Жанубий Кореянинг миллий хавфсизлик бошқармаси раҳбари Син Вон Сик ва Мудофаа вазири Ким Ён Хён билан ҳам учрашув ўтказган. Умаровга кўра, делегация таркибида Мудофаа, Ташқи ишлар ва Иқтисодиёт вазирликларининг вакиллари бўлган. 

“Сеул Украина ва Жанубий Корея ўртасида турли каналлар орқали сўнгги пайтларда яқин алоқа ва ҳамкорлик йўлга қўйилганини юқори баҳолади”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль Сеул Украинадаги вазият бўйича “қўл қовуштириб ўтирмаслигини” ва мамлакат тегишли чораларни кўришга тайёрлигини билдирган эди. Унинг сўзларига кўра, Сеул Украинага қурол юбориш имкониятини кўриб чиқишга тайёр, чунки Шимолий Корея қўшинларининг Россияда жойлашиши эҳтимоли глобал хавфсизликка, нафақат Корея яримороли, балки Европага ҳам таҳдид солувчи провокация ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Юн Сок Ёль Рустам Умаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг