Жанубий Корея Украинага қурол етказиб бериши мумкин
Олам
−
25 Октябрь
2518Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль Сеул Украинадаги вазият бўйича “қўл қовуштириб ўтирмаслигини” ва мамлакат тегишли чораларни кўришга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Айни дамда Польша Президенти Анжей Дуда Жанубий Кореяда расмий ташриф билан бўлиб турибди ва кеча, 24 октябрь куни мамлакат Президенти Юн Сок Ёль билан қўшма матбуот анжуманида иштирок этди. Унда Шимолий Кореянинг ядровий ва ракета ишланмалари, Россия билан “ноқонуний” ҳарбий ҳамкорлик ва Шимолий Корея қўшинларини Россияга жойлаштириш каби масалалар муҳокама қилинди.
“Агар Шимолий Корея Россия билан ҳамкорлиги доирасида урушга махсус кучларни жўнатадиган бўлса, биз Украинани босқичма-босқич қўллаб-қувватлаймиз ва Корея яриморолидаги хавфсизликни таъминлаш учун зарур чораларни кўриб чиқамиз ҳамда амалга оширамиз", деди Жанубий Корея Президенти.
Унинг сўзларига кўра, Сеул Украинага қурол юбориш имкониятини кўриб чиқишга тайёр, чунки Шимолий Корея қўшинларининг Россияда жойлашиши эҳтимоли глобал хавфсизликка, нафақат Корея яримороли, балки Европага ҳам таҳдид солувчи провокация.
“Биз ўлдирувчи қуролларни бевосита етказиб беришни тақиқлаш принципига содиқ қолган бўлсак-да, Шимолий Кореянинг ҳарбий ҳаракатлари даражасига қараб, позициямизни янада мослашувчанроқ кўриб чиқишимиз мумкин”, дея таъкидлаган Президент.
Нашрга кўра, ўтган ҳафта Жанубий Корея Миллий хавфсизлик бўйича биринчи ўринбосари Ким Тэ Хё Сеул Шимолий Корея ва Россия ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликка жавобан босқичма-босқич чоралар кўришини айтган. Хусусан, Жанубий Корея Украинага ҳужум ва мудофаа қуролларини юбориш имкониятини кўриб чиқмоқда.
У бундай баёнотни Шимолий Корея Россияга ёрдам бериш учун тахминан 12 минг аскарни юбориш тўғрисидаги разведка маълумотлари туфайли чақирилган Миллий хавфсизлик кенгашининг (МХК) фавқулодда йиғилишидан сўнг берган.
МХК баёнотида бундай қадам Жанубий Корея ва халқаро ҳамжамият учун жиддий таҳдид экани ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Шимолий Корея билан ҳарбий ҳамкорликни тақиқловчи резолюцияларини очиқдан-очиқ бузилиши қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Корея ҳукумати ва ҳарбийлари Украинага шахсий таркибни, жумладан Шимолий Кореяга қаратилган разведка ходимлари ва Шимолий Корея тактикаси бўйича мутахассисларни “жўнатиш режасини кўриб чиқаётгани” хабар қилинган эди.