Рустам Азимов Каримов ва Мирзиёев даврини таққослади
Жамият
−
15 Октябрь 2021
51178Ўзбекистоннинг собиқ Бош вазир ўринбосари ва Молия вазири Рустам Азимов мамлакатда кутилаётган навбатдаги Президент сайлови арафасида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов билан фаолият юритган йиллари ва Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлари ҳақида чиқиш қилди. Унинг ЎзАда чоп этилган мақоласида Каримов ва Мирзиёев раҳбарлик қилган йиллардаги Ўзбекистон қиёсий таҳлилга олинади.
“Ватанимиз Мустақиллигининг 30 йиллик шодиёналари, байрам шукуҳи ҳали-ҳамон вилоятлар, шаҳар ва қишлоқларимизда кечаётган бир пайтда охирги 30 йил мобайнида мамлакатимизда бўлган мисли кўрилмаган ўзгаришлар кўз олдимдан ўтди.
Айниқса, охирги 5 йилда давлатимизнинг янада ривожланиб, халқимиз тинчлик ва тотувликда, барқарорлик ва келажакка ишонч билан яшаётганини кўриб, авваламбор Аллоҳга шукурлар айтамиз.
Бу дунёда ҳамма нарса нисбий. Атрофга назар ташласак, қўшни мамлакатларда бўлаётган нотинчлик, беқарорлик, низо ва қарама-қаршиликларни, қон тўкилишларни, бир миллат вакилларининг бир-бирига зид бўлганини кўриб, яна бир бор давлатимизда ҳукм сураётган осойишта ҳаёт энг катта ютуғимиз ва бахтимиз, десак тўғри бўлади.
Бу кунларга етиб келиш осон бўлмади, албатта. Мустақиллик эълон қилинган биринчи кунлардаги қийинчиликлар, республика омборларида бир ҳафтага етар-етмас дон қолгани ёки нефть танқислиги, бу муаммоларни ҳал этиш, яъни чет давлатдан сотиб олиш учун валютамиз йўқлиги, ундан кейин Тошкентда террористлар томонидан содир этилган портлашлар, Наманган ва бошқа ҳудудлардаги фожиали воқеалар... Шуларни эслаганда, авваламбор, Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовни Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига асос солган инсон сифатида кўз олдимизга келтиришимиз табиийдир”, деб гап бошлайди Азимов.
У Президент Каримов билан ишлаган йиллари ўзи учун жуда катта мактаб ва синов бўлганини айтди.
“Биринчи Президентимизнинг қўл остиларида 25 йил ишлаш мен учун жуда катта ҳам мактаб, ҳам синов эди. Ислом Абдуғаниевич Каримов ўта талабчан инсон эдилар. Лекин улар ушбу талабчанликни олдин ўзларига қаратар, кейин қўл остида ишлайдиганлардан талаб қилар эдилар.
У инсоннинг қилган ишларига Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирмонович Мирзиёев жуда тўғри ва одилона баҳо бердилар.
Шу ўринда бир фикрни айтмоқчиман. Ҳозирги кунда дунёда расман 200 дан зиёд мустақил давлат бор, лекин аслида кўпчилигининг мустақиллиги қоғозда, яъни сунъий, чунки улар сиёсий, иқтисодий ёки хавфсизлик жиҳатидан у ё ки бу давлатга тобе ва, афсуски, уларнинг тақдири ўз пойтахтларида эмас, балки бошқа пойтахтларда ҳал этилади. Ўзбекистон улардан фарқли ўлароқ, 25 йил ичида ҳақиқий мустақилликка эга бўлди”.
Азимовга кўра, Шавкат Мирзиёев ушбу ўта таҳликали ва мураккаб даврда Ўзбекистон истиқлолини нафақат кўз қорачиғидек асрамоқда ва ҳимоя қилмоқда, балки тез суръатлар билан ҳар томонлама мустаҳкамлаб бормоқда.
“Ҳаёт шиддат билан илгарилаб бормоқда. Замон, шу билан бирга талаблар, мезонлар ўзгармоқда. Айниқса, мамлакатимиз сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида кейинги 5 йилда бўлган ўзгаришларни ўйлаганда одам ҳайратда қолади.
2017 йилдан бошлаб Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчиликларида Ўзбекистонда кенг қамровли ислоҳотлар бошланган бўлса, мазкур амалга оширилаётган ислоҳотларни фақатгина санаб ўтишнинг ўзига бир кун камлик қилади”, дейди Азимов.
Эслатиб ўтамиз, Рустам Азимов 1991—1998 йилларда Миллий банк раҳбари, 2000—2002 йилларда Макроиқтисодиёт ва статистика вазири, 2003—2005 йилларда Иқтисодиёт вазири, 1998—2000 йилларда ва 2005—2016 йилларда Молия вазири, 2007—2016-йилларда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, 2016—2017 йилларда Бош вазир ўринбосари лавозимларида ишлаган. Бу соҳада ўртача 40 йиллик тажрибаси бор.
У Президент Каримов вафотидан сўнг 2016 йилнинг 8 сентябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Президент ваколатларини Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошевдан Шавкат Мирзиёевга юклашни ёқлаб, маъруза қилган эди.
LiveБарчаси