Рустам Азимов Бош вазир ўринбосари бўлиши мумкин...ми?
Таҳлил
−
25 Январь 2020
51534Аввалроқ, собиқ Бош вазир ўринбосари – Молия вазири Рустам Азимов кеча, 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлис палаталарига йўлланган мурожаатномада тингловчи сифатида иштирок этгани ҳақида хабар берган эдик.
Икки ярим йил расмий тадбирларда кўриниш бермаган Азимовнинг яна Ҳукуматга қайтиши ҳақидаги масала айни вақтда жамоатчилик орасида кун тартибида турибди. Хўш, агар у яна Ҳукуматга қайтарилса, қайси лавозимни эгаллаши мумкин.
Маълумки, кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳукуматнинг янги таркибини тасдиқлади. Фармонга кўра, Ҳукуматдаги учта лавозим бўш қолди. Булар:
• Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари;
• Бош вазирнинг таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ўринбосари;
• Фавқулодда вазиятлар вазири.
Рустам Азимовнинг иқтисодиёт ва молия соҳасидаги кўп йиллик тажрибаси, халқаро муносабатларда орттирган мактаби ва имкониятлари, хорижий тилларни билиши ва мулоқотга кириша олишини инобатга олсак, у катта эҳтимол билан Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари лавозимини эгаллаши мумкин.
Нима учун айнан инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича Бош вазир ўринбосари лавозими?
Рустам Азимовнинг иқтисод ва банк-молия соҳаларида кўп йиллик тажрибаси мавжуд. Ўзбекистонда эса айни вақтда бу соҳаларда қатор муаммо ва камчиликлар кўзга ташланмоқда. Давлат раҳбари соҳада илдиз отган коррупцияни бир неча бор танқид қилди. Бу танқидларнинг асосий қисми Азимов Молия вазири бўлиб ишлаган даврларга бориб тақалади. Қолаверса, соҳада кадрлар тақчиллиги мавжуд. Бу ҳам унинг ривожланишида энг катта ғов бўлаётган унсурлардан бири.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда сўнгги икки йилда хорижий инвестицияларни жалб этиш, ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратиляпти. Аммо натижалар ҳали мақтангулик эмас. Давлат раҳбари деярли ҳар бир чиқишида инвесторларга шароит яратиш, бизнесда қонунийликни таъминлаш, қолаверса, халқаро иқтисодий алоқаларни кучайтириш масаласига тўхталмоқда. Жорий йилнинг 20 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари лавозимига Содиқ Сафоев номзодини илгари сураркан, Сафоев халқаро муносабатларни юритиш, инвесторлар билан мулоқот қилиш тажрибаси юқори эканини айтганди. Кечаги мурожаатномада ҳам инвесторлар, Ўзбекистоннинг жаҳон бозорига чиқиши, транзит, интеграция, инфляция, ЕОИИ, ЖСТга аъзо бўлиш масалаларига алоҳида тўхталди. Мамлакатни иқтисодий ривожлантириш устувор масала эканини таъкидлади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонга бугунги талабларни тушунадиган ва халқаро майдонда обрў-эътиборга эга, тил топиша оладиган менежер-кадрлар керак. Аммо бу кадрларни топиш ва етиштириш осон иш эмас. Президент Мирзиёев эса кечирувчан, мамлакат равнақи йўлида кадрларга имкон беришни биладиган раҳбар. Шу маънода у яна Азимовга имкон бериши мумкин, деган эҳтимол ҳам мавжуд. Ҳар ҳолда кечаги йиғилиш ва Азимовнинг ундаги иштироки шунга сигнал бераётгандек.
Азимовга келсак, у 1991—1998 йилларда Миллий банк раҳбари, 2000—2002 йилларда Макроиқтисодиёт ва статистика вазири, 2003—2005 йилларда Иқтисодиёт вазири, 1998—2000 йилларда ва 2005—2016 йилларда Молия вазири, 2007—2016-йилларда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, 2016—2017 йилларда Бош вазир ўринбосари лавозимларида ишлаган. Табиийки, бу соҳада ўртача 40 йиллик тажрибаси бор.
Бугунги кунга келиб Рустам Азимов 2017 йилнинг июль ойидан буён бир вақтлар ўзи бошчилигида ташкил топган “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси Бош директори лавозимида ишлаб келмоқда.
Азимов Бош вазир ўринбосари лавозимидан кетишидан аввал Ўзбекистон ва Туркия ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг тўртинчи мажлиси ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, комиссия ҳамраиси Рустам Азимов иштирок этиб, 2 миллиард долларлик шартномани имзолади.
Шулардан келиб чиқиб Азимов Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланиши мумкинми, деган тахминлар тобора кун тартибига чиқмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь