Россия ва Беларусь спортчилари Олимпиадада қатнашса, Украина “ўйиндан чиқади”
Спорт
−
15 Август 2023
52472024 йил Парижда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинларида Россия ва Беларусь спортчилари иштирок этса, Украина ва 35 давлатдан иборат коалиция мусобақани бойкот қилишга тайёр. Бу ҳақда Украина бош вазири Денис Шмигаль ўз Telegram саҳифасида маълум қилди.
“Украина бу борада қатъий позицияда. Ҳалол спорт учун кучли халқаро коалиция тузилди, унга 35 та давлат киради. Агар Россия ва Беларусга мусобақада қатнашишга рухсат берилса, биз биргаликда Париждаги Олимпиада ўйинларини бойкот қилишга тайёрмиз”, дейди Шмигаль.
Шмигалнинг сўзларига кўра, Киев Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) Москва ва Минскни Олимпиададан четлатишини кутмоқда.
Ёшлар ва спорт вазири Вадим Гутцайт эса Россия ва Беларусь спортчилари бўлажак Олимпиадада нейтрал мақомда қатнашса ҳам, Украина спортчилари тўрт йилликнинг энг йирик спорт мусобақасида иштирок этишга тайёрлигини маълум қилди. Кейинроқ у Украинанинг “Страна” нашрига гаплари нотўғри талқин қилинганини айтди.
“Россия ва Беларусь спортчиларига ҳатто нейтрал байроқ остида ҳам Олимпиадада иштирок этиши мумкинлиги ҳақидаги қарор ҳали қабул қилинмаган. Украина Миллий олимпия қўмитаси Олимпия ҳаракати субъектлари билан маслаҳатлашувларни давом эттирмоқда”, дейди Гутцайт.
Унинг таъкидлашича, кўплаб халқаро федерациялар россиялик ва Беларусь спортчиларининг мусобақаларга қўйилишига қарши ва Украина ҳам бу позицияни тўлиқ қўллаб-қувватлайди.
2022 йил февралида Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) халқаро федерацияларга Украинадаги вазият туфайли Россия ва беларуслик спортчиларни мусобақаларда иштирок этишини чеклаш бўйича тавсия берди. 2023 йил март ойи охирида ХОҚ Россия ва беларуслик спортчиларга халқаро мусобақаларда фақат нейтрал спортчи сифатида, Украинадаги урушни қўллаб-қувватламаган ҳолда қатнашишни тавсия қилди. Қуролли кучлар ва хавфсизлик органларига алоқадор спортчиларни эса мусобақалардан четлатиш тавсия қилинди.
Маълумот учун, Олимпия ўйинлари 2024 йилнинг 26 июлидан 11 августига қадар Парижда бўлиб ўтади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь