Руминияда парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда
Олам
−
01 Декабрь
1764Руминияда бугун, 1 декабрь куни парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
9 мингга яқин сайлов участкаси маҳаллий вақт билан эрталаб соат 6:00 да очилди ва 21:00 да ёпилади. Хорижда овоз бериш кеча, 30 ноябрь куни бошланди ва икки кун давом этади.
Тўрт йил муддатга парламент депутатлари сайлови партия рўйхатлари бўйича ўтказилади. Бир партиянинг парламентга кириши учун чегара 5 фоизни ташкил этади. Сайловда жами 31 та сиёсий партия иштирок этмоқда. “Politico” нашрининг овоз бериш арафасида ўтказган сўровнома натижаларига кўра, Социал-демократик партия, Руминлар бирлиги учун альянс, Руминияни қутқариш иттифоқи ва Миллий либерал партия фаворит деб кўрсатилган.
Ҳозирги Руминия парламентида социал-демократлар нисбий кўпчиликни ташкил этади, бу эса бир партияли вазирлар маҳкамасини шакллантириш учун етарли эмас. Ўнг марказчи Миллий либерал партия билан тузилган коалицион ҳукумат ҳокимият тепасида.
Ўтган ҳафта Руминияда президентлик сайловлари ҳам бўлиб ўтди. Биринчи турда сайловчиларнинг 22,94 фоизи Руминияликларни бирлаштириш учун миллатчилар альянси аъзоси бўлган мустақил номзод Калин Георгеску учун овоз берди. Иккинчи ўринда “Руминияни қутқариш иттифоқи” либерал партиясидан Елена Ласкони (19,17 фоиз). Учинчи ўринни 19,15 фоиз балл билан мамлакатнинг амалдаги Бош вазири, социал-демократ Марчел Чолаку эгаллади.
28 ноябрь куни Руминия Конституциявий суди Марказий сайлов комиссиясига фирибгарлик гумонларини йўқ қилиш учун президентлик сайловининг биринчи босқичи натижаларини қайта санаб чиқишни буюрди. Шундай қилиб, овоз беришнинг биринчи босқичи натижаларини расман тасдиқлаш кейинга қолдирилди. Конституциявий суднинг янги мажлиси эртага, 2 декабрь кунига белгиланган.
LiveБарчаси