Россиянинг музлатилган активлари Украинага берилиши “ўғрилик” эмас – АҚШ Молия вазири
Олам
−
17 Июнь
5874Россиянинг музлатилган активларидан тушган даромадларни Украина фойдасига мусодара қилиш учун етарлича қонуний асослар мавжуд ва бу “ўғрилик” эмас. Бу ҳақда АҚШ Молия вазири Жанет Еллен кеча, 16 июнь куни “ABC News” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
“Буни ўғрилик деб ҳисоблашнинг маъноси йўқ. Шундай экан, бу ерда ҳеч қандай ҳуқуқий муаммолар мавжуд эмас. Бизнинг иттифоқчиларимиз, ҳамкорларимиз, “Катта еттилик” Украинага 50 миллиард доллар кредит беради ва бу даромадлар вақт ўтиши билан қайтарилади”, дея таъкидлади вазир.
Еллен, шунингдек, Ғарб ва Россия ўртасида бу маблағлар бўйича “иродалар жанги” борлигига ишончи комил. Унинг сўзларига кўра, Россия Ғарб коалицияси Украинани бу урушга қарши курашиш учун зарур ресурслар билан таъминлашда давом этмаслигидан умид қилади.
“Бу ҳаракат эса Россиянинг ушбу кутилмаларига қарши бизнинг салоҳиятимиз ва иродамиз борлигини кўрсатишнинг бир усули”, дейди Молия вазири.
Ўтган ҳафта G7 давлатлари Украинага камида 50 миллиард доллар кредит бериш бўйича кредитлаш тизимини келишиб олдилар. Бу Россиянинг музлатилган активлари бўйича фоиз даромадлари ҳисобидан молиялаштирилади, бироқ улар бу маблағларнинг асосий қисмини мусодара қилмайди.
Россия эса ўз активларини мусодара қилишга бўлган ҳар қандай уринишлар ўғрилик ва халқаро ҳуқуқни бузиш эканлигини таъкидлади. Хусусан, Президент Владимир Путин жорий йилнинг 14 июнь куни Ғарб давлатларининг Украинага Россиянинг хориждаги музлатилган активлари бўйича фоизлар билан кредит бериш режалари ўғрилик эканлигини ва бу жазосиз қолмаслигини айтди.
Путин Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари билан учрашувда сўзлаган нутқида Ғарбнинг Москвага муносабати, ҳар қандай давлат Ғарб томонидан активларини музлатиш қурбони бўлиши мумкинлигини кўрсатгани ҳақида сўз очганди.
“Барча ҳийла-найрангларга қарамай, ўғрилик, албатта, ўғрилик бўлиб қолади ва бу жазосиз қолмайди”, деди Путин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ G7 саммити доирасида Италияда йиғилган еттилик гуруҳига аъзо давлатлар Украинага етказилган зарар учун Россиянинг 486 миллиард доллардан ортиқ товон тўлаши кераклигини маълум қилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь