Россиялик ва хитойлик хакерлар Британия дипломатларининг ёзишмаларига кирган – ОАВ
Олам
−
12 Август 2023
4084Россия ва Хитой хакерлари Британия Ташқи ишлар вазирлигининг ички тизимига киришга муваффақ бўлган. Аммо Буюк Британия ҳукумати бу фактни оммага ошкор қилмасликка қарор қилди. Бу ҳақда Буюк Британия ҳукуматининг алоқалар бўйича бош қароргоҳидаги (GCHQ) манбасига таяниб, “INews” газетаси хабар берди.
Айтилишича, воқеа 2021 йилда содир бўлган. Ўшанда Россия ва Хитой хакерлари Teams дастури орқали электрон почта ёзишмалари, Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари ўртасидаги ички мулоқот ва уларнинг учрашувлари ҳисоботларининг нусхаларини қўлга киритган. GCHQ’га кўра, хакерлар Британия Ташқи ишлар вазирлиги ходимларидан бири электрон почта орқали келган вирусли хабарни “тасодифан” очгани туфайли бу маълумотларга эга бўлган.
Британия электрон разведка хизмати хакерлар махфий маълумотларга эга бўлмаганига ишонтирган, аммо Москва ва Пекин хориждаги элчилар ёки дипломатлар ўртасидаги электрон ёзишмаларга кириши мумкинлигидан хавотир билдирган. Экспертларнинг фикрича, ушбу файлларнинг ошкор этилиши стратегик ҳамкорлар ўртасидаги муносабатларни назарий жиҳатдан ёмонлаштириши ёки душман муҳитга эга мамлакатларда ишлаётган дипломатлар учун хавф туғдириши мумкин.
"Шармандали ҳолат. Ушбу воқеа ҳукуматда катта шов-шувларга сабаб бўлди. Хакерлар жуда катта ҳажмдаги маълумотларни ўғирлаши мумкин эди", дейди хавфсизлик хизматидаги манба.
Таъкидланишича, содир этилган ҳужумларнинг ўзи Россия ва Хитой томонидан мувофиқлаштирилмаган.
Маълумот учун, Россия расмийлари Москванинг хакерлик ҳужумларига алоқадорлиги ҳақидаги айбловларни доимо рад этиб келади. Масалан, Россиянинг Вашингтондаги элчиси Анатолий Антонов Америка маъмуриятининг Россияни кибержиноятчилар учун "хавфсиз бошпана"га айлангани ҳақидаги баёнотларини ёлғон, масъулиятсиз, шунингдек, Москвага қарши гибрид уруш элементи деб атаган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Хитой ҳукуматига алоқадор кибержиноятчилар жорий йилнинг май ойида Ғарбдаги 25 та ташкилот, жумладан, АҚШ Давлат департаментининг электрон почтасини бузиб киришга муваффақ бўлгани айтилганди. Шунингдек, “The Washington Post” газетаси Хитойлик хакерлар 2020 йил кузида Япония ҳарбий алоқа тармоқларига кирганини ёзди. 8 августда эса шимолий кореялик хакерларнинг элита гуруҳи Россиянинг йирик ракета ишлаб чиқарувчисининг компьютер тармоқларини яширин равишда бузгани айтилди.
LiveБарчаси