АҚШ Давлат департаменти хитойлик хакерларнинг ҳужумига учради

Олам

image

Хитой ҳукуматига алоқадор кибержиноятчилар жорий йилнинг май ойида Ғарбдаги 25 та ташкилот, жумладан, АҚШ Давлат департаментининг электрон почтасини бузиб киришга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Microsoft компанияси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, АҚШда иккита федерал агентлик – АҚШ Давлат департаменти ва Савдо вазирлиги хакерлар ҳужумига учраган.

АҚШ Президенти Жо Байден маъмуриятининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливаннинг айтишича, хакерларнинг ҳужуми “жуда тез” аниқланган ва уларнинг кейинги кибертажовузига йўл қўйилмаган.

Киберҳужум оқибатида кўрилган зарар миқдори ҳозирча аниқ эмас. Бироқ, АҚШ ҳукуматининг юқори мартабали амалдори журналистларга берган интервьюсида бу галги бузиб киришни 2020 йилнинг охирида пайдо бўлган ва Россия ҳукумати билан боғлиқлиги айтилган “SolarWinds” хакерлик гуруҳига қиёслаб бўлмаслигини айтган.

АҚШ Киберхавфсизлик ва инфратузилмани ҳимоя қилиш агентлигининг маълумот беришича, кибержиноятчилар ўзларини ваколатли фойдаланувчилар сифатида кўрсатган ҳолда электрон почталарга киришга муваффақ бўлган. Улар сохта аутентификация токенларидан фойдаланган.

Microsoft компанияси мазкур хакерлик ҳужумларида Хитойнинг “Storm-0558” хакерлик гуруҳини айблаган. Шу билан бирга, киберҳужумни содир этган шахслар май ойининг ўрталаридан бошлаб электрон почта аккаунтларига кириш имкониятини қўлга киритгани ҳам маълум.

“Бошқа ҳолатларда бўлгани каби, иш хорижий давлатлар билан боғлиқ бўлган шахсларнинг хатти-ҳаракатларига алоқадор бўлса, Midrosoft нишонга айланган барча ташкилотлар билан бевосита боғланиб, уларга тергов ва жавоб қайтариш учун муҳим маълумотларни тақдим этди”, дейилади компания баёнотида.

Таъкидланишича, федерал агентликларга ҳужумлар АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг июнь ойи ўрталарида Хитойга қилган сафаридан олдин амалга оширилган.

Хакерлар ҳужуми нишонига айланган идоралар орасида ҳарбий муассасалар ва махсус хизматлар йўқлиги маълум қилинган. Шунингдек, АҚШдан ташқари қайси давлатлар бундан жабрлангани ҳақида маълумот берилмаган.

АҚШ Сенатининг Разведка қўмитаси раиси Марк Уорнернинг айтишича, Пекиннинг бундай ҳаракатлари Хитой “АҚШ ва иттифоқчиларга қарши фойдаланиш учун рақамли маълумотларни тўплаш қобилиятини доимий равишда такомиллаштириб бораётганини” англатади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Cold River” хакерлари ўтган ёзда АҚШнинг учта ядровий тадқиқот лабораториясига ҳужум қилгани аниқланганди. Жорий йилнинг май ойида эса АҚШда 237 минг амалдаги ва собиқ федерал ҳукумат ходимларининг шахсий маълумотлари интернетга сизиб чиқди. Шунингдек, май ойининг ўзида яна бир ҳолатда хакерлар АҚШ махфий ҳужжатларини Telegram'да оммавий равишда сотаётгани маълум бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Давлат департаменти Киберҳужум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг