Россияга бизнинг қўшилмаслик позициямиз ёқмайди – ЖАР Президенти
Олам
−
15 Май 2023
13963Жанубий Африка Республикаси Президенти Сирил Рамафоса бугун, 15 май куни берган баёнотида мамлакатнинг можароларга аралашмаслик позицияси Россияни бошқа давлатлардан устун қўйишга сабаб бўлмаслигини айтди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Рамафосанинг мазкур баёноти Россия кемаси Жанубий Африкадан қурол олиб кетгани ҳақидаги даъволардан сўнг берилган. Бир неча кун аввал АҚШнинг Жанубий Африкадаги элчиси Рубен Бригети ўтган йили Россияга тегишли кема мамлакатдан қурол олиб кетганини ва бу ҳаракат мамлакатнинг бетарафлик мақомини жиддий тарзда бузишини маълум қилганди.
АҚШ Жанубий Африканинг Украина уруши масаласида бетарафлик ва қўшилмаслик сиёсатидан “қаттиқ хавотирда” эканини билдирган. ЖАР расмийлари эса элчининг гапларини қатъиян рад этган.
“Бизнинг қўшилмаслик позициямиз Россияни бошқа давлатлардан устун кўришимизга асос бўлмайди. Шунингдек, у бошқа мамлакатлар билан муносабатларимизга путур етказишини ҳам қабул қилмаймиз”, дейди Рамафоса.
Давлат раҳбари элчи даъвосини тасдиқлаш учун етарли далиллар келтирмагани, буни текшириш мақсадида тергов гуруҳи тузилганини таъкидлаган.
ЖАР !ашқи ишлар вазирлиги берган баёнотда айтилишича, АҚШ элчиси 12 май куни Ташқи ишлар вазири Наледи Пандор билан учрашишга чақирилган ва у мамлакат ҳукумари ва халқидан кечирим сўраган.
Гарчи ЖАР БМТнинг Украина уруши бўйича резолюциясида бетараф қолган бўлсада, коллектив Ғарб уни Россиянининг минтақадаги энг яқин ҳамкори сифатида кўрмоқда.
Маълумот учун, шу йилнинг август ойида ЖАРда BRICS саммити бўлиб ўтади. Унда Халқаро жиноят суди томонидан ҳибсга олиш учун ордер берилган Владимир Путин ҳам қатнашиши мумкин. ЖАР эса Путин мамлакатга келган тақдирда уни қамоққа олишга мажбур бўлиши мумкинлиги сабаб, аввалига, Халқаро жиноят судидан чиқмоқчи эканини маълум қилди, кейнироқ бўлса Путиндан саммитга келмасликни сўради.
LiveБарчаси