Россиядаги намойишлар ҳибсга олишлар билан тугади. Москва Вашингтонга норозилик билдирди
Олам
−
31 Январь 2021
11523Бугун, 31 январь куни Россия шаҳарларида мухолифатчи Алексей Навальнийни қўллаб-қувватлаб уюштирилган намойишларда 4000 киши қўлга олинди. Бу ҳақда “ОВД-Инфо” маълум қилган.
Намойишчиларни ҳибсга олиш бўйича Москва етакчилик қилган. Пойтахтда 1080 киши ушланган. Кейинги ўринни 796 киши қўлга олинган Санкт-Петербург ва учинчи ўринни Красноярск (194) эгаллаган.
Норозилик намойишлари вақтида жумладан 82 нафар журналист ҳам ҳибсга олинган. Бу ҳақда Журналистлар касаба уюшмаси вакили Соья Русова маълум қилган.
“Улардан баъзилари қўйиб юборилган, аммо аниқлар маълумотлар мавжуд эмас”, деган у. Москвада 21 нафар, Петербургда 10 нафар журналист ҳибсланган.
ИИВ маълумотига кўра, Москвада бугунги намойишларда 2 минг киши қатнашган.
АҚШнинг Россиядаги элчихонаси намойишлар вақтида кўплаб одамлар қўлга олинаётганидан хавотирда эканини маълум қилди.
“Алексей Навальнийни қўллаб ўтказилаётган намойишларда Россия ҳукумати кўплаб фаоллар ва журналистларни қўлга олди. Россияни инсон ҳуқуқлари талабини бажаришга чақирамиз”, дейилган элчихона баёнотида.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги кўп куттирмай, бу постга ҳам муносабат билдирди.
“Сиз жон куйдириб оқлаётган намойишлар ноқонуний ҳисобланади. Бунақа ишларда Американинг ўзида нима қилишларини биласизми? Одамларга ўқ узишади. Иккиюзламачилик сизнинг ҳаёт тарзингизга айланган, десак бўларкан-да?”, дейилган Россия ТИВнинг кескин изоҳида.
Маълумот учун, бугунги намойишлар вақтида мухолифатчи Алексей Навальнийнинг турмуш ўртоғи Юлия ҳам ҳибсга олинди.
Эслатиб ўтамиз, 23 январда ҳам Навальнийни қўллаб-қувватлаш учун акция ўтказилганди. Митингда рекорд даражада кўп – 4 мингдан ортиқ одам ҳибсга олинди ва 20 дан ортиқ жиноят иши қўзғатилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь