Россиядаги авиаҳалокатда ҳеч ким омон қолмади

Олам

image

Бугун, 24 июль куни Россиянинг Амур вилоятида “Ангара” авиакомпаниясининг Ан-24 йўловчи самолёти ҳалокатида ҳеч ким омон қолмади. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси ва Амур вилояти губернатори Василий Орлов маълум қилди.

Губернатор  минтақада 27 июлгача давом этадиган уч кунлик мотам эълон қилди.

“Ушбу даҳшатли фожиа 48 кишининг ҳаётига зомин бўлди”, дея қўшимча қилди вилоят раҳбари.

Самолёт бортида 43 йўловчи, жумладан беш нафар бола ва олти нафар экипаж аъзоси бўлган.

Хабаровск-Благовешченск-Тинда йўналишида учаётган Ан-24 самолёти маҳаллий вақт билан тахминан 13:00 да Тинда шаҳрига қўнишга иккинчи марта яқинлашган, шундан сўнг у билан алоқа узилган.

“Ан-24 экипажи ҳавода юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ҳақида сигнал бермади”, дейилади фавқулодда хизматлар хабарида.

Самолётни қидириш учун қутқарув вертолёти юборилган, у самолётнинг ёнаётган фюзеляжини аниқлаган. Қутқарувчилар қийин рельеф шароити туфайли ҳалокат жойига қўна олмади.

Фавқулодда вазиятлар хизматининг маълум қилишича, экипажнинг кўриш имконияти ёмонлашган ҳолда қўниш вақтидаги хато ҳалокат версияси сифатида кўрилмоқда. Тергов қўмитасининг таъкидлашича, Ан-24 ҳалокатининг асосий версиялари самолёт носозлиги ва инсон хатоси. Тергов қўмитаси уч нафардан ортиқ одамнинг ўлимига сабаб бўлган ҳаво кемасининг ҳаракатланиши ва улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 263-моддаси 3-қисми) моддаси бўйича тергов олиб бормоқда.

Ҳалокатга учраган самолёт деярли 50 йил аввал Киевдаги “Авиант” авиация заводида ишлаб чиқарилган. 2021 йилда самолётнинг парвозга яроқлилик сертификати 2036 йилгача узайтирилди. Авиакомпаниянинг таъкидлашича, самолёт парвоздан олдин зарур текширувлардан ўтган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 июнь куни Air India авиакомпаниясининг AI171 рейси бўйича Аҳмадободдан Лондонга йўл олган Boeing 787-8 Dreamliner самолёти Гужаратдаги Аҳмадобод аэропортидан ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай ҳалокатга учраган эди. Самолёт бортида 242 киши – 230 йўловчи ва 12 экипаж аъзоси бўлган. Самолёт тиббиёт коллежи ётоқхонасига бориб урилиб, тураржой ҳудудига қулаганди. Қурбонлар бортдагилар ва шаҳар аҳолиси бўлган. 270 дан ортиқ одам вафот этганди.

21 июль куни эса Бангладеш пойтахти Даккада Ҳарбий-ҳаво кучларининг F-7 самолёти ҳалокатга учраб, коллеж ва мактаб кампусига қулади. Фожиа оқибатида 27 киши ҳалок бўлди, уларнинг 25 нафар болалар.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Амур Ангара Ан-24

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг