Ҳиндистонда 200 дан ортиқ йўловчиси бор самолёт қулади (видео)
Олам
−
12 Июнь 16020 2 дақиқа
Бугун, 12 июнь куни Ҳиндистоннинг Гужарат штатидаги Аҳмадобод шаҳрида Air India авиакомпаниясига тегишли Boeing 787-8 Dreamliner самолёти ҳалокатга учради. Бу ҳақда “Times of India” хабар берди.
AI171 рақамли рейс маҳаллий вақт билан соат 13:38 да Аҳмадободдаги Sardar Vallabhbhai Patel халқаро аэропортидан Лондонга йўлга чиққан. Аммо парвоз бошланганидан атиги бир неча дақиқа ўтиб, самолёт фавқулодда ҳолат сигналини берган ва қисқа муддатдан сўнг алоқалар узилган. Самолёт аэропортдан унча узоқ бўлмаган ҳудудга қулаб тушган. Ҳодиса жойидан олинган кадрларда қалин қора тутун осмонга кўтарилаётгани ва ёнғин юзага келгани кўринади.
Самолёт бортида жами 242 киши бўлгани маълум қилинди, улардан 2 нафар учувчи, 10 нафар экипаж аъзоси ва 230 йўловчи бўлган. Ҳалокат юз берган ҳудудда ёнғин хавфсизлиги хизматлари, полиция ва фавқулодда вазиятларга жавоб берувчи гуруҳлар зудлик билан иш олиб бормоқда. Гужарат штати ва Ҳиндистон Марказий ҳукумати воқеа юзасидан фавқулодда назорат чораларини кўрмоқда. Air India компанияси ҳодиса тафсилотлари ҳали аниқланаётганини ва расмий тергов бошланганини тасдиқлаган.
Ҳозирча ҳалокат сабаби ва жабрланганлар сони расман эълон қилинмаган. Ҳиндистон фуқаро авиацияси бошқармаси ва Air India воқеа бўйича тергов ишларини олиб бормоқда. Айрим маҳаллий манбаларда ҳаво шароити, техник носозлик ёки бошқа омиллар мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Ҳалокат юз берган ҳудудда яшовчи аҳолининг хавфсизлиги бўйича ҳам ҳозирча расмий маълумотлар берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 25 декабрь куни Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Баку-Грозний йўналишидаги самолёти ҳалокатга учраганди. Самолётда 62 нафар йўловчи ва беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт қулашида 38 киши ҳалок бўлди, 29 киши омон қолди.
Live
Барчаси