Россияда вафот этган озарбайжонликлар аёвсиз калтакланган бўлиши мумкин

Олам

image

Россиянинг Екатеринбург шаҳрида қўлга олингач вафот этган озарбайжонлик Зиёддин ва Ҳусайн Сафаровларнинг танасида кўплаб тан жароҳатлари – бурун синиши, кўкрак қафаси деформацияси, гематомалар ва кўкаришлар қайд этилган. Бу ҳақда Озарбайжон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги суд-тиббий экспертиза бўлими раҳбари Адолят Гасанов матбуотга берган баёнотида маълум қилди.

Озарбайжон экспертларига кўра, Зиёддин Сафаров “кўплаб жароҳатлар туфайли юзага келган травматик шок”дан, унинг укаси Ҳусайн эса “травматик ва геморрагик шок” – яъни кучли қон йўқотилиши оқибатида вафот этган.

Гасановнинг айтишича, айнан иккинчи маротаба ўтказилган суд-тиббий экспертизаси Россия томони берган хулосалар билан бир-бирига зид бўлган. Россия экспертлари ўлим сабабини юрак етишмовчилиги деб кўрсатган бўлса-да, озарбайжонлик мутахассислар кенг тарқалган тан жароҳатларини аниқлаган. Бу эса ака-укалар Россия кучлари томонидан қийноққа солинганини англатади. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 июнь куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида Федерал хавфсизлик хизмати томонидан озарбайжонликлар яшайдиган манзилларда ўтказилган рейдлар оқибатида Озарбайжон Республикаси фуқаролари вафот этганди. Шундан сўнг, Россиянинг Баку шаҳридаги вақтинча иш юритувчиси Пётр Волоков Озарбайжон ТИВга чақирилган. Россия ТИВ расмийлари эса бу қўлга олишлар илгари содир этилган оғир жиноятлар юзасидан тергов доирасида олиб борилганини тушунтирган. Аммо кейинчалик вазият янада кескин тус олди. 30 июнь куни Озарбайжон полицияси Баку шаҳридаги “Sputnik Озарбайжон” нашриёти офисида текширув ўтказган ҳамда нашрда ишлаган икки ходим Россия агентлари бўлиб чиққанини хабар қилган. Бу орада Россия ҳам ҳаракатга келди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Озарбайжоннинг Москвадаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Раҳмон Мустафоевни расмий равишда чақиртирган. Расмий баёнотга кўра, элчи Баку томонидан кўрсатилган дўстона бўлмаган ҳаракатлар, хусусан, Россия журналистларининг ноқонуний қўлга олиниши муносабати билан чақирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Озарбайжон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг