Россияда сайлов билан боғлиқ қонунбузарликлар бўйича 61 та жиноий иш очилди

Олам

image

Россияда сайлов даврида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 61 та жиноий иш қўзғатилиб, 150 дан ортиқ маъмурий баённомалар тузилди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовой маълум қилди. 

“155 та маъмурий баённома тузилди, 61 та жиноят иши қўзғатилди”, дейди Марказий сайлов комиссиясида сўзга чиққан ИИВ вакили.

Унинг сўзларига кўра, ишларнинг аксарияти қасддан ёлғон террорчилик акти (23 та ҳолат) ва сайловчилар ҳуқуқларини амалга оширишга тўсқинлик қилиш (21 та ҳолат) моддаси бўйича очилган.

Горовойнинг таъкидлашича, ички ишлар органлари томонидан сайлов натижаларига бевосита таъсир кўрсатиши мумкин бўлган сайлов қонунчилиги бузилиши ҳолатлари аниқланмаган.

Аммо сайлов участкаларидаги сайлов қутилари “зелёнка”, ёд ва бошқа бўёқлар билан тўлдирилгани, петардалар отилгани каби ҳолатлар қайд этилган. 

Маълумот ўрнида, 15-17 март кунлари Россияда президентлик сайлови бўлиб ўтди. Сайловда амалдаги давлат раҳбари Владимир Путин ғалаба қозонди. У 87,32 фоиз овоз билан яна “курси”сини сақлаб қолди. 

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинни бўлиб ўтган Президент сайловида қозонган ишончли ғалабаси билан табриклади. Мирзиёев 21 февраль куни Россия раҳбари билан Қозонда бўлиб ўтган учрашувида Путиннинг ғалаба қозонишига ишонч билдириб, сайловдан кейинги илк ташрифлардан бирини Ўзбекистонга қилишини таклиф қилганди

Европа Иттифоқи Кенгаши раиси Шарль Мишель эса Россияда сайлов бошланган куннинг ўзидаёқ Путинни ғалаба билан табриклаганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия сайлов қонунбузарлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг