Россияда “Озодлик”нинг “овози ўчди”
Олам
−
04 Апрель
8997АҚШ Глобал Медиа Агентлиги (USAGM) “Озодлик радиоси”нинг Россияга узатадиган сунъий йўлдош хизматларини ўчириб қўйди. Бу ҳақда “Озодлик радиоси” президенти ва ижрочи директори Стивен Капус “Agence France-Presse” нашрига берган интервьюсида сўз очди.
“Биз бугун ишга келдик ва Россия ҳудудини қамраб олган сунъий йўлдош хизматлари USAGM томонидан ўчирилганини кўрдик”, деган Капус.
Унинг сўзларига кўра, бу қарор Россия, Украина, Марказий Осиё, Шарқий Европа ва бошқа минтақаларга узатиладиган “Настоящее время” телеканалининг 24 соатлик рус тилидаги трансляциясига таъсир қилади.
Россия расмийларининг фикрига кўра, фаолияти конституциявий тузум асосларига, хавфсизликка ёки мамлакат мудофаа қобилиятига таҳдид соладиган ташкилотлар номақбул ташкилотлар рўйхатига киритилган. Бундай ташкилот фаолиятида иштирок этганлик учун 100 минг рублгача жарима солиниши мумкин. Такроран содир этилган тақдирда 300 мингдан 500 минг рублгача жарима, 360 соатгача мажбурий меҳнат ёки тўрт йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.
Жорий йилнинг 25 март куни Вашингтондаги Федерал округ суди АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти “Озодлик радиоси” медиа корпорациясини молиялаштиришни тўхтатиш тўғрисидаги қарорини вақтинча блоклади. Судья Ройс Ламберт ушбу қарорнинг бажарилиши радиога “тузатиб бўлмайдиган зарар” етказади, деган хулосага келди.
“USAGM раҳбарияти битта ибора билан, деярли асоссиз, радиони ишни тўхтатишга мажбур қила олмайди, ҳатто Президент буни буюрган бўлса ҳам”, деган у.
“Озодлик радиоси” мустақил медиа корпорацияси бўлиб, 1953 йилда ташкил этилган. Унинг фаолияти АҚШ Конгресси томонидан Глобал Медиа Агентлиги орқали ажратилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 март куни АҚШ Президенти Дональд Трамп еттита федерал агентликдаги ходимларни кенг кўламли қисқартириш тўғрисидаги фармонни имзолаганди. Улар орасида “Озодлик радиоси” фаолиятини назорат қилувчи АҚШ Глобал медиа агентлиги (USAGM) ва “Америка овози” ҳам бор эди.
Орадан икки кун ўтиб, “The Washington Post” нашри “Америка овози” директори Майкл Абрамовичга таяниб, ушбу радиостанция фаолияти тўхтатилгани ҳақида хабар берди. Шу фонда ОАВ раҳбарияти 1,3 мингдан ортиқ ходимни мажбурий таътилга чиқаришга мажбур бўлди. “Reuters” маълумотларига кўра, “Озодлик радиоси” ҳам худди шундай вазиятга тушган.
LiveБарчаси