Россияда мигрантлар ишлай олмайдиган соҳалар икки бараварга оширилди
Олам
−
04 Декабрь
5036Россиянинг Тверь вилоятида 2025 йилдан бошлаб чет эл фуқаролари ишлай олмайдиган иқтисодиёт соҳалари рўйхати икки баравардан ҳам кўпроққа кенгайтирилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Унга кўра, 2024 йилда чет эллик ишчилардан фойдаланиш 36 та иқтисодий фаолият турида тақиқланган бўлса, келгуси йилда бу кўрсаткич 82 тага етказилади.
Таъкидланишича, иқтисодий фаолиятнинг 52 тури бўйича тўлиқ тақиқ жорий этилади, 30 тасида эса айрим касбларга чекловлар қўйилади.
Келгуси йилдан бошлаб электр энергияси, газ ва буғ билан таъминлаш, сув олиш, тозалаш ва тақсимлаш, оқова сувларни йиғиш ва қайта ишлаш, компьютер ишлаб чиқариш ҳамда сув транспорти фаолиятида чет эллик ишчилардан фойдаланиш бутунлай тақиқланади.
Тақиқ жорий қилинадиган соҳалар
Нашриёт, телевидение фаолияти, радиоэшиттириш, кўнгилочар тадбирлар ташкил этиш, компьютер дастурий таъминоти ва дастурларини ишлаб чиқиш, компьютерлар ва шахсий фойдаланиш буюмларини таъмирлаш, илмий тадқиқотлар, ахборот технологиялари соҳасидаги фаолият, ижара ва лизинг, ветеринария, сайёҳлик агентликлари, жамоат ва нотижорат ташкилотлари, хавфсизликни таъминлаш ҳамда бошқа фаолият турларига ҳам тақиқ жорий этилган.
Бундан ташқари, айрим касблар бўйича тақиқ рўйхатига ўсимликчилик ва чорвачилик, балиқчилик, гўшт ва балиқни қайта ишлаш, сут маҳсулотлари, нон ва нон маҳсулотлари, ўсимлик ёғлари ва ёғлар, ун маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳайвон емлари, қоғоз, нефть маҳсулотлари, кимёвий моддалар, дори-дармонлар ва тиббий материаллар ишлаб чиқариш ҳам киритилган.
Шунингдек, чекловлар электр ускуналари, транспорт воситалари, мебель ишлаб чиқариш, таъмирлаш, машина ва ускуналарни ўрнатиш ҳамда бошқа фаолият турларига ҳам тааллуқлидир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2024 йил давомида Россиядан тахминан бир миллион чет эллик чиқиб кетганди. Унга кўра, иш ҳақлари ошганига қарамай, мигрантлар Россияга қайтишга шошилмаяпти. 2024 йил бошида ишлаб чиқариш соҳасида ишлайдиган чет эллик ишчилар ўртача 105 минг рубль маош олган. Ёзга келиб, уларнинг ойликлари 150 минг рублгача ошган. Айниқса, қурувчилар ва курьерларнинг иш ҳақлари сезиларли даражада кўтарилган, бироқ бу ҳам ишчи кучининг чиқиб кетишига тўсқинлик қила олмаган. Мамлакатни тарк этганлар эса асосан Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари.
LiveБарчаси
“Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси ўзгарди.
04 Декабрь
Доллар курси бироз пастлади.
04 Декабрь