Россия аэропортларида дрон хавфи туфайли парвозлар чекланди
Олам
−
05 Январь
7755Бугун, 5 январь куни Қозон, Нижнекамск, Ижевск ва Пермь аэропортларида рейсларни қабул қилиш ва жўнатиш бўйича вақтинчалик чекловлар жорий этилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Федерал ҳаво транспорти агентлиги чекловларнинг киритилишини фуқаролик самолётларининг парвозлари хавфсизлигини таъминлаш билан изоҳлади. Москва вақти билан соат 10:48 да Ижевск аэропортида чекловлар олиб ташлангани маълум бўлди. Бир неча дақиқадан сўнг Қозон, Нижнекамск, кейин эса Пермь аэропортлари ҳақида худди шундай хабарлар пайдо бўлди.
Шунга ўхшаш чекловлар турли минтақаларда мунтазам равишда киритилади, одатда дрон ҳужумлари таҳдиди билан боғлиқ. Гап чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ёки ҳаводаги номаълум нарсалар туфайли жорий этиладиган “Гилам” режаси ҳақида бормоқда.
Бундай чекловлар Қозон аэропортида охирги марта 2 январга ўтар кечаси киритилган эди. Шу билан бирга, Калуга, Пенза, Саранск, Саратов ва Ульяновск аэропортларида парвозлар чекланди.
Россия Мудофаа вазирлиги 5 январь куни эрталаб бир кечада бешта ҳудудда 61 та дрон йўқ қилингани ҳақида хабар берди. 37 та дрон Ростов вилояти, яна 20 таси Брянск вилояти, иккитаси Воронеж вилояти, биттадан Белгород ва Орёл вилоятлари устидан уриб туширилган. Хусусан, Ростов вилоятида Таганрог шаҳри ва охирги бир ой ичида учинчи марта – Миллерово ҳарбий аэродромига ҳужум уюштирилган. Расмий маълумотларга кўра, қурбонлар йўқ.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг 27 декабрь куни Россиянинг бир қатор аэропортларида хавфсизликни таъминлаш мақсадида вақтинчалик чекловлар жорий этилганди.
LiveБарчаси