Россияда қурилиш жиҳози қулаб тушиши оқибатида 3 ишчи ҳалок бўлди
Олам
−
18 Август 2025 4333 1 дақиқа
Жорий йилнинг 14 август куни Россиянинг Владивосток шаҳрида жойлашган қурилиш майдонидаги конструкция жиҳозининг қулаб тушиши оқибатида 3 киши ҳалок бўлди ва қирғизистонлик икки ишчи жароҳатланди. Бу ҳақда Приморский ўлкаси прокуратураси хабар берди.
Қайд этилишича, маҳаллий ТЭЦ-2 (иссиқлик электр маркази)да таъмирлаш ишлари олиб борилаётган бўлган. Қурилиш конструкцияси қулаб тушиши оқибатида 3 ишчи 8 метр баландликдан йиқилиб ҳалок бўлган. Уларнинг айнан қаердан экани очиқланмаган. Қулаган конструкция 2 қирғизистонликнинг устига тушган. Улар Владивосток клиник шифохонасига етказилган. Жароҳатланганлар “Усть-Среднекан” компаниясининг ишчилари экани маълум қилинган.
“15 август ҳолатига кўра, бир ишчи Владивосток клиник шифохонасининг жонлантириш бўлимида қолмоқда, иккинчи бемор эса ўрта оғир аҳволда нейрохирургия бўлимида даволанмоқда”, дейилади хабарда.
Россия Тергов қўмитасининг Приморский ўлкаси бўйича бошқармаси Владивостокдаги ТЭЦ-2 да таъмирлаш ишлари учун масъул бўлган қурилиш-монтаж участкаси бошлиғи ва устасини қўлга олган. Улар хавфсизлик қоидаларини бузиб, эҳтиётсизлик оқибатида икки ва ундан ортиқ одамнинг ўлимига сабаб бўлганликда гумон қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри яқинидаги Лисий Нос ўрмонида Ўзбекистон фуқароси пичоқ жароҳатлари ва бошига қоп кийдирилган ҳолда топилганди.
Live
Барчаси